Корея Марказий банки банк тизимини, капитал бозорини тартибга солувчи ва қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китоблар тизимининг (securities settlement system) назорат органи ҳисобланади.

Учрашув марказий контрагент фаолияти, давлат қимматли қоғозлари (ДҚҚ) ва ЎзРВБда биржа бозорларининг бошқа воситалари билан ҳисоб-китоблар тизими тўғрисида ахборот алмашиш мақсадида ташкил этилди.

ЎзРВБ раҳбарияти Корея томонига биржанинг динамик фаолияти, замонавий IT ва WEB технологияларига асосланган биржа инфратузилмасини ислоҳ қилиш жараёнлари ва биржа экотизимини янада ривожлантириш истиқболлари (шу жумладан, Миллий клиринг марказини ташкил этиш) ҳақида маълумот берди. Шунингдек, ЎзРВБ савдо платформасида дилерлараро РЕПО битимларининг якунлари бўйича янги ҳисоб-китоб тизими (“One click” лойиҳаси) тақдим этилди, унда ҳисоб-китоблар тижорат банкларининг вакиллик ҳисобварақларидан автоматик тарзда пул маблағларини эчиб олиш орқали DVP1 моделини қўллаш орқали амалга оширилади.

Томонлар икки мамлакат тажрибалари ва илғор амалиётларни ўзаро алмашишга қизиқиш билдиришди.

Молия бозори инфратузилмаси ва ДҚҚ бозорида биржа операцияларини клиринг, ҳисоб-китоб қилиш ва ҳисобга олишда риск-менежмент тизимини ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Корея Марказий банки вакили ЎзРВБнинг барча биржа бозорлари доирасида савдолар ўтказиш имконини берувчи кўп функцияли савдо платформасини (in-house) жорий этиш жараёнида эришилган ютуқлар даражасини юқори баҳолади.

Корея томони Корея Республикаси капитал бозорида қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китоблар тизимининг умумий кўриниши тўғрисида гапириб ўтди ва жараённи назорат қилиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Ўзбекистон томони Кореяда қўлланилаётган илғор ёндашув ва амалиётларни миллий ҳисоб-китоблар тизимини янада ислоҳ қилиш жараёнига мослаштириш ва жорий этиш мақсадида ўрганишга катта қизиқиш билдирди.

Учрашув якунида томонлар икки мамлакат инвесторлари ва қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари учун қулай молиявий муҳит яратиш мақсадида ҳамкорлик ва тажриба алмашишни давом эттириш ниятини билдиришди.