Тадбирда таъкидланишича, сув таъминоти ва оқава сув хизматларини кўрсатувчи давлат унитар корхоналари “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг устав капиталига ҳудудий сув таъминоти масъулияти чекланган жамиятлари шаклида берилган. Ҳозирда ушбу ташкилотларни фаолият кўлами ва сифатини ошириш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, очиқ ва шаффоф ҳисоб-китоблар тизимини яратиш орқали соҳани инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган трансформацион жараёнлар фаол олиб борилмоқда
Бунинг учун, энг аввало, соҳадаги муносабатларни замонавий ёндошувлар асосида мувофиқлаштиришга қаратилган ягона ҳуқуқий базани яратиш мақсадида ишлаб чиқилган “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ишланмоқда.
Параллел равишда, ўрта ва узоқ муддатли асосий кўрсаткичларимиз ҳамда уларни таъминлаш бўйича соҳани 2035 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу жараёнга соҳада халқаро нуфузда эга бўлган академик олимлар жалб этилди. Осиё Тараққиёт банки, Жаҳон банки ҳамда бошқа халқаро молиявий ташкилотларнинг техник ва институционал кўмагидан фойдаланилди. Мос равишда, жамиятнинг халқаро кредит рейтингини олиш мақсадида малакали халқаро консультантлар гуруҳи ташкил этилади.
Албатта, трансформацион жараённинг энг муҳим бўғинларидан бири – бу соҳанинг молиявий-иқтисодий барқарорлигини ошириш ҳисобланади. Бу йўналишда жамият ва унинг 17 та масъулияти чекланган жамиятларни бухгалтерия ҳисоботи миллий стандартлари асосида 2020 йил молия-хўжалик фаолияти тотал аудит текширувидан ўтказилди.