Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров, бошқарув раиси ўринбосарлари Рустам Мамаджонов ва Хуршид Раҳматуллаев, “К-wатер” корпарацияси ижрочи директори ва компаниянинг бошқа масъуллари иштирок этди.
Меморандумга кўра, томонлар Ўзбекистонда сув таъминоти ва санитария соҳасида салоҳиятни ошириш бўйича лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш учун фаол ҳамкорлик қилади. Шунингдек, сув таъминоти ва санитария бўйича тажриба алмашиш ва биргаликда ечимлар топиш учун семинарларни ва экспертлар алмашинуви дастурларини ўтказиш ва уларда иштирок этиш кўзда тутилмоқда.
“К-wатер” компанияси Ўзбекистонда сув таъминоти соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув маркази ташкил этилишини қўллаб-қувватлаш учун “Ўзсувтаъминот” билан ҳамкорлик қилади.
– Ўзбекистон биз учун энг муҳим шерик ҳисобланади. Ҳозирда бу ерда пилот лойиҳалар олиб боряпмиз. Жумладан, Тошкент ҳудудидаги эскирган қувурларни замонавийлаштириш, сув таъминотини яхшилаш ва бошқа дастурларни олиб боряпмиз. Биз “Ўзсувтаъминот” АЖ билан Сув академиясини ташкил этмоқчимиз. Бизнинг корпарациямиз ўтган 5 йил мобайнида катта тажрибага эга бўлди, ҳамда юздан ортиқ мамлакатлардан келган 5 700 стажёрни қайта ўқитдик. Компаниямиз кейинчалик ҳам Ўзбекистонда сув масалаларини ечишда яхши шерик бўлишга умида қиламиз, – дейди “К-wатер” компанияси директори Жае Ҳюн Пак.
2020–2021 йиллар давомида “Ўзсувтаъминот” АЖ мутасаддилари Ўзбекистонда ушбу ўқув марказини ташкил этиш бўйича музокараларни олиб бориш учун Кореяга икки маротаба ташриф буюриб, “К-wатер” академиясининг таълим инфратузилмаси фаолияти билан танишган эди.
Улуғбек Камолов