Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Шуларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни талаблари ҳамда Президентнинг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ҳамда унинг тизим ташкилотларида комплаенс-назорат бўлимлари ташкил этилиб, улар малакали кадрлар билан таъминланди.
Талабгорларни танлаб олиш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида танлов эълон қилиниб, номзодлар билан суҳбат “онлайн” тарзда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходимлари иштирокида ўтказилди. Ишга энг яхши натижа кўрсатган номзодлар қабул қилинди.
Юқоридаги фармоннинг ижроси доирасида комплаенс-назорат бўлими томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, коррупцияга қарши кураш, етказилган зарарни ҳисоблаш ва тегишли тартибда ундириш, айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўриш бўйича салмоқли ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойида комплаенс-назорат бўлими томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида масъулияти чекланган жамитялар томонидан 109 ҳолатда 9,1 миллиард сўмлик молиявий хатоликлар ва коррупцион ҳолатларга йўл қўйилгани аниқланган.
Бугунги кунда 55 ҳолат бўйича 3 миллиард сўмлик Жамият мулки қайтарилган. Шунингдек, 42 ҳолат бўйича 7,4 миллиард сўмлик ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган бўлиб, Жамиятга етказилган молиявий зарарни айбдор шахслардан ундириш чоралари кўрилмоқда.
Биргина мисол: Наманган вилояти Уйчи тумани “Гулбоғ” МФЙда жойлашган “Сув тозалаш” бино-иншоотлари ягона таъсисчининг келишувисиз, утилизация қийматидан келиб чиқиб, жамият собиқ раҳбар ходимлари томонидан аукцион орқали 25,2 миллион сўмга сотиб юборилгани аниқланган бўлиб, қайта баҳолаш натижасида бино-иншоотларнинг бугунги кундаги қиймати 1,8 миллиард сўмга баҳоланган.
Яна бир мисол. Куни-кеча Сурхондарё вилоятида аниқланган ҳолат: “Сурхондарё сув таъминоти” МЧЖнинг Жарқўрғон туман бўлими истеъмолчилар хизмати бўлимининг юридик шахслар билан ишловчи мухандис-инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, ҳудуддаги МЧЖлардан бирининг бошлиғидан сув ўлчагичсиз ичимлик сув тармоғига улаб олганлиги учун унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва жаримага тортмаслик эвазига 2,5 миллион сўм пора талаб қилиб, пулларни олаёган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Комплаенс-назорат бўлими ходимлари томонидан 1397 та товар-моддий бойликлари хариди билан боғлиқ шартнома ҳужжатлари ўрганилган бўлиб, 587 ҳолатда 15,1 миллиард сўмлик шартномалар “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этилмаган ҳолда тўғридан-тўғри расмийлаштирилгани аниқланган.
Бундан ташқари, юқорида кўрсатилган давр мобайнида 36 та манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, бугунги кунга қадар уларнинг 23 таси бартараф этилган, 2 таси чора кўриш учун жойлардаги одоб-ахлоқ комиссияларига чиқарилган.
Бўлим томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган коррупция билан боғлиқ жами 89 мурожаатнинг 85 таси ижобий ҳал этилган бўлиб, 4 таси ҳал этиш жараёнида.
Бундан кўриниб турибдики, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларининг олдини олиш, соҳада ушбу иллатни тўлиқ йўқ қилиш, аниқланган коррупциявий ҳолатлар юзасидан зарур чоралар кўриш, шунингдек, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш масалалари “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг доимий диққат марказида бўлиб, Жамият томонидан ходимлар ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, тизимда очиқлик ва шаффофлик тамойилларини қарор топтириш бўйича барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.