Хабарда таъкидланишича, талабалар томонидан сотиб олинган чипталарни алмаштириш тизими 2021 йил 07 январдан бошлаб жорий этилгач, кўплаб ҳудудий темир йўл кассаларида талабала-ўқувчиларнинг гавжум ҳолати кузатилмоқда.

Юртимизда карантин чекловлари ҳали бекор қилинмаган шароитида бундай йиғилишларга йўл қўйиб бўлмаслиги маълум қилинди.

«Ҳурматли олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар талаба-ўқувчилари! Қишки таътилнинг 24 январгача узайтирилиши муносабати билан, барча ҳудудий темир йўл кассаларига мурожаат қилишда керакли карантин талаб ва меъёрларига риоя этишингизни сўраймиз!

Эслатиб ўтамиз, республикамиздаги барча темир йўл кассалари кечаю кундуз ишлайди ва чипталар ҳеч қандай қўшимча тўловларсиз алмаштирилади. Харид қилинган барча чипталар алмаштирилади, ҳеч ким жойсиз қолмайди, чунки барча поездларда чипталарни қайта расмийлаштириш учун керакли миқдордаги ўриндиқлар мавжуд. Бундан ташқари, зарурат чора сифатида қўшимча поездлар йўлга қўйилади!», дейилади Ахборот-таҳлилий медиа маркази хабарида.