Россия миллий тиббиёт палатаси раҳбари, доктор Леонид Рошал, коронавирус пандемияси биологик уруш учун тайёргарлик ва соғлиқни сақлаш тизими учун синовга айланди, деб ҳисоблайди.

«Мен ҳозирги вазиятни таҳлил қилар эканман, бу биологик урушнинг репетицияси эканлигини тушунаман. Мен бу вирусни одам яратган деб айтмаяпман: бундай баёнотлар учун етарли асос йўқ ва бундан ташқари, мен вирусолог эмасман. Аммо бу соғлиқни сақлаш тизимининг, шу қаторда мамлакатнинг биологик ҳимояси кучининг синовидир», деди у Forbesга берган интервьюсида.

Мутахассис Россия Президенти ва ҳукумати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни тўғри ва ўз вақтида қабул қилинган, дея баҳолади. У, шунингдек, касаллик авж олган хорижий давлатлар тажрибасини қабул қилиш кераклигини таъкидлади.

Рошалнинг сўзларига кўра, мамлакатда тобора ўсиб бораётган тикланишлар сони коронавирус билан оғриган беморларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини кўрсатмоқда. Унинг фикрига кўра, Россия аҳоли зичлиги пастлиги сабабли (Москва ва Москва вилоятидан ташқари) пандемиянинг оғир оқибатларидан қочиб қутулди.