2020 йил 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида одам савдосига қарши курашиш борасида эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар, бу борада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокамасига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу онлайн тадбир 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилди.
Давра суҳбати ташкилотчилари Олий Мажлис Сенати, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Бош прокуратура, шунингдек БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева тадбирни очиб берар экан, ушбу халқаро давра суҳбатининг бош мавзуси этиб белгиланган одам савдосига қарши кураш масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади. Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилгани буни яққол тасдиқлайди.
Бугунги кунда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг позициясини яхшилашга, шунингдек қабул қилинаётган чораларнинг самарадорлигини янада такомиллаштиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар режаси («Йўл харитаси») ҳамда 2019-2020 йилларда одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Мазкур «Йўл харитаси» ва режада белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов одам савдоси – дунёнинг деярли барча мамлакатларида миллионлаб инсонларнинг ҳаётига дахл қилувчи ва уларнинг инсоний қадр-қимматини камситаётган глобал муаммо эканини қайд этди. Одам савдоси – жиддий жиноят ва инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишидир. Ушбу хавф одам савдоси жабрдийдалари келиб чиқадиган давлат ёки уни қабул қилувчи давлат бўлишидан қатъи назар, барча мамлакатларга тааллуқли ҳисобланади.
2013 йилда 30 июль – БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган. Бугунги кунда БМТ ва унинг тузилмалари, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, бошқа ташкилотлар ва давлатлар одам савдосига қарши курашишга катта эътибор қаратмоқда.
Бутун дунё бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси шароитида ҳам Ўзбекистон одам савдосига қарши курашиш борасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Шу билан бирга, одам савдосига қарши курашиш масаласи нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборотлари, таълим муассасалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Тадбир давомида COVID-19 пандемиясига қарши курашда эришилган натижалар хусусида сўз юритилди. Коронавирус инқирози шароитида одам савдосининг янги турлари пайдо бўлиши омиллари ҳамда оқибатлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа тегишли муассасалар ходимлари учун мўлжалланган одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ўқув дастурларини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқотнинг илк натижалари кўриб чиқилди. Бу борада амалий тавсиялар берилди.
Бола савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кичик комиссияларнинг фаолияти, одам савдосидан жабр кўрганларга миллий даражада реабилитация хизматларини кўрсатишни ташкил этиш, Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан одам савдосидан жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш ишларининг самарадорлиги масалаларига эътибор қаратилди.
Халқаро давра суҳбати якунида бу борадаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришда ўзаро тажриба ва фикр алмашиш муҳимлиги таъкидланди, деб хабар беради Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.