Ушбу тадбир COVID-19 пандемияси муносабати билан жорий этилган чекловлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзусига бағишланди.

Онлайн давра суҳбатида Ўзбекистоннинг COVID-19 пандемиясига қарши курашиш жараёнида инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид миллий чораларни амалга ошириш борасидаги ижобий сабоқлари муҳокама қилинди.

Миллий мулоқот доирасида маърузачилар Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасидан келиб чиқадиган хулоса ва тавсиялар ҳамда глобал истиқбол масалалари хусусида атрофлича фикр юритдилар.

Учрашувда БМТнинг карантин чоралари бўйича қабул қилган сўнгги йўриқномалар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, 2020 йил 19 мартда тасдиқланган "Коронавирус (COVID-19) касаллиги тарқалишини тийиб туриш шароитида алоҳида шахсларни карантинга жойлаштириш принциплари бўйича ЖССТ Йўриқномаси" ҳақида сўз борди.

Мазкур Йўриқномада қайд этилганидек, коронавирус пандемияси тарқалаётган шароитда жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Карантинга жойлаштирилган шахсларга тиббий, молиявий, ижтимоий ва руҳий-маънавий ёрдам кўрсатилиши лозим. Уларнинг асосий эҳтиёжлари, жумладан, озиқ-овқат, сув ва бошқа шу каби ҳаётий зарур маҳсулотларга бўлган талаблари қаноатлантирилиши зарур. Айниқса, аҳолининг заиф қатламлари талаб-эҳтиёжларига устувор аҳамият берилиши даркор.

Бундан ташқари, иштирокчилар БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг COVID-19 билан боғлиқ карантин масаласига доир муҳим бир тавсиясини маълумот учун қабул қилдилар. Бу ўринда давлатларнинг барча кишилар, шу жумладан, озодликдан маҳрум этилган шахслар билан инсонийлик асосида ва инсон қадр-қимматига ҳурмат кўрсатган ҳолда муомала қилиш мажбуриятига доир тавсия ҳақида гап бормоқда.

Коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича тиббий ва ижтимоий чора-тадбирлар жамоатчиликнинг тўлиқ иштирокида амалга оширилиши зарурлиги ЖССТ томонидан қатъий тавсия этилган. Чунки инсон ҳуқуқлари, жумладан инсоннинг ўз фикрини эркин ифода этиш ва қарорлар қабул қилишда фаол иштирок этиш ҳуқуқи ҳурмат қилиниши жамоатчилик соғлигини сақлаш сиёсатининг муҳим омили ҳисобланади.

Миллий мулоқот якунида пандемия карантини шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида аниқланган қийинчиликлар бўйича давлат органларига таклиф этиладиган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ҳелена Фрейзер, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси:

- Мен Ўзбекистон ҳукуматининг ўз ижобий сабоқларини баҳам кўришга шайлигини қўллаб-қувватлайман. Чунки карантин муассасалари тажрибаси, шунингдек, мавжуд ҳолатни янада яхшилаш учун тегишли соҳаларни белгилаб олиш борасидаги очиқлик диққатга лойиқдир.

Элчи Жон МакГрегор, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси:

- Ўзбекистон ҳукуматининг COVID-19 пандемияси тарқалишига барҳам бериш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайман. Карантин марказлари жамоатчилик соғлигини сақлаш борасида кўрилган чоралар орасида ўта муҳим аҳамият касб этгани тайин. Чунки кейинги ойда барча янги касалланиш ҳолатларининг аксарият қисми айнан ушбу марказларда аниқлангани шундан далолат беради. Халқаро ҳамжамият, шубҳасиз, бу тажрибадан ибрат олади.

Миллий мулоқот доирасида ЕХҲТ мажбуриятлари, тегишли халқаро-ҳуқуқий мажбуриятлар ва илғор тажрибага амал қилиш учун карантин марказларини ҳуқуқий бошқаришни қай тарзда янада кучайтириш мумкинлигига тааллуқли очиқ мунозараларни қўллаб-қувватлайман. Бу мулоқотлар асносида билдирилган муайян тавсияларнинг бажарилиши юзасидан ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Акмал Саидов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори:

- Бугунги воқелик шундан далолат берадики, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида тобора кўпроқ мамлакатлар инсон ҳуқуқларига бевосита таъсир қиладиган қатъий чораларни, жумладан, ҳаракатланиш ва шахсий ҳаёт эркинлигига дахл қиладиган чекловларни қўлламоқда. Бинобарин, фавқулодда ҳолат ва хавфсизликни таъминлаш бўйича карантин билан боғлиқ бошқа ҳар қандай чора-тадбирлар албатта инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципига таяниши шарт.

Умуман олганда, халқаро тузилмалар раҳбарлари, хорижий экспертлар, мутахассислар Ўзбекистонда инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият эканини таъкидламоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши самарали курашиш, фуқароларимизнинг муносиб ҳаётини таъминлаш, инфекция тарқалишини назорат қилиш, энг муҳими, минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, инқироздан кейинги тикланиш ва мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий соҳанинг барқарор ривожланишига ёрдам беради.

Шубҳасиз, Ўзбекистон тажрибаси пандемияга қарши курашда муҳим аҳамият касб этиб, бошқа давлатлар учун ёрқин намуна вазифасини ўтайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати