Икки хил вазият устуворлик қиляпти – бирида гарданида ғалаба қозониш турган бўлса, иккинчисида эса ўзини ҳимоя қилиш масъулияти. Балки бу унчалик қийин эмас, дерсиз?! Лекин зиммасида юрт обрў-эътибори турган бу иродали спортчиларнинг бир нафари Токио остонасидаёқ карантинга олинди. Атлетга яқин масофада бўлган мураббий ва жамоадошларининг 22 нафари ташкилотчилар томонидан «Ёпиқ контакт», яъни жамоадошлари билан мулоқотда бўлиш, бирга овқатланиш ва машғулот ўтказиш имкониятидан ҳам мосуво этилди. Ана энди делегация аъзоларининг ҳолатини, руҳий босим, тушкунлик ва ўзига бўлган ишончни дарз кетиши, мен касал эмасманмикан, деган сўзнинг мияга ўрнашиб қолгани, Олимпия шаҳарчасидаги қатъий назорат, бир сўз билан айтганда, «хаус» ҳолати бир неча кун ҳукмрон бўлди.

Мусобақаларнинг дастлабки кундаги илинжи бўлган илк бронза медаль, сўнгра дзюдода қўлга киритилган олтин спортчилар ва маҳаллий муҳит ўртасидаги тўсиқни олиб ташлагандек бўлди. Ғалабали онлар билан бирга, жузъий муаммолар қаттиқ карантиндаги дзюдочи қизларнинг (ғолибликка асосий даъвогар спортчилар) 5 йиллик меҳнатини чиппакка чиқарди ва мусобақада иштирок этиб, юрт шарафини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчдан маҳрум қилди…

Ўзбекистон паралимпия қўмитаси раҳбарияти уларни руҳан қўллаб-қувватлаётгани, аввало Президентимизнинг ҳар бир спортчимиз иштирокини кузатиб бораётгани ва самимий тилаклари уларга кўтаринки руҳ бағишлаб турибди.

Паралимпия ўйинлари эса давом этмоқда.

Мен уларнинг ёнида юриб, ўзи ярим кўнгил бўлсада, ирода ва матонатлари яна икки карра синовдан ўтаётган ука-сингилларим сабр-бардоши олдида таъзим қиламан. Ҳар қандай вазиятга дадил туриб, муваффақиятлар сари интилаётган делегациямиз аъзоларини қўллаб-қувватлашга Сиз – азиз мухлисларни чорлаб қоламан.

Олға Ўзбекистон!

Малика МУРОДОВА, журналист

(Япония)