Суҳбатдошнинг маълум қилишича, жорий йил 31 июль санасидан 24 августга қадар “Raid Orion Revival Paris-Samarqand 2022” лойиҳаси бўйича мотоциклларда саёҳат қилиш турнеси режалаштирилган.
“Raid Orion Revival” мотоциклда саёҳат қилиш лойиҳаси илк бор 1972 йили Париж-Исфахон (Эрон) йўналишида ташкил этилган. Ундан кўзланган мақсад мотоциклда саёҳатни ташкил этиш ва мамлакатлар сайёҳлик салоҳияти ва маданияти билан танишишдан иборат.
Айни пайтда бу саёҳат учун 38 та мотоцикл рўйхатдан ўтган, 54 нафар киши унда иштирок этади. Саёҳат дастурига мувофиқ, иштирокчилар 31 июль куни Париж шаҳридан ўз юришини бошлайди (Швейцария – Австрия – Словения – Хорватия – Босния - Албания – Греция – Туркия – Грузия – Россия – Қозоғистонни кесиб ўтиш режалаштирилган), 19 август санасида Қозоғистондан Ўзбекистон ҳудудига (Нукус шаҳри) кирилади. Лойиҳа 21 босқичдан иборат бўлиб, мотоциклда босиб ўтиладиган умумий масофа 9 минг километрни ташкил этади.
Паскаль Ростагни Ўзбекистон ҳудудида мўлжалланган дастур тўғрисида тўхталар экан, мотосайёҳлар Нукус – Хива – Бухоро – Самарқанд йўналиши бўйлаб ҳаракатланишини билдирди.
Унинг айтишича, 2019 йилда иккинчи маротаба ташкил этилган Париж-Исфахон турнесидан сўнг кўплаб иштирокчилардан Ўзбекистонга саёҳат қилиш бўйича таклифлар келиб тушган. Шуни инобатга олиб, уюшма аъзолари 2022 йилги саёҳат учун Ўзбекистонни марказий давлат сифатида танлаган. Бундан ташқари, ушбу мотосафарнинг 50 йиллиги айнан Самарқанд шаҳрида нишонланишини иштирокчилар катта қизиқиш билан кутаётганлиги ҳам маълум қилинди.
Яна бир муҳим жиҳат. Транспорт соҳасига ихтисослашган қатор нашрлар мазкур мотосаёҳат тўғрисида ранг-баранг мақолалар чоп этишни режалаштирган. Шунингдек, лойиҳа якуни бўйича Европанинг қатор телеканалларида намойиш этиш учун фильм суратга олиш ҳам мўлжалланмоқда. Ташкилотнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига эса ҳар кунлик маълумотлар жойлаштириб борилади.
Ўзбекистонда мазкур мотосаёҳатнинг амалга оширилишига боғлиқ ташкилий жиҳатларни муҳокама этиш мақсадида Паскаль Ростагни жорий йил 9-11 март кунлари Ўзбекистонга сафар қилишини маълум қилар экан, сафар давомида республикамизнинг тегишли идоралари вакиллари билан учрашиш ниятида эканини айтди.