Бугун ана шу халқаро тадбир Паркент туманининг “Санганак” маҳалласида бўлиб ўтди. Тадбир доирасида конференция иштирокчиларини "Санганак" маҳалласидаги автобус жойлашган ҳудуд, арғимчоқ, ўйингоҳ ва болалар майдончалари билан жиҳозлангани, унда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 45 нафар бола қамраб олинган ҳолда бепул таълим берилиши ҳайратга солди. Улар бу тажрибани ўзларининг давлатида ҳам йўлга қўйиш фойдадан ҳоли бўлмаслигини таъкидлашди.
Хорижий экспертларга “Ақлвой” автобусига қуёш батареяси ўрнатилиб, кондиционер, ҳожатхона, иссиқ-совуқ сув, тамаддиларни иситиш учун жой каби қулайликларга эга эканлиги ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Меҳмонларга “Ақлвой” мобиль боғчасида олиб борилаётган машғулотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб бердик, – дейди туман Мактабгача таълим бўлими мудири Азиз Ҳусанов. – Хорижлик мутахассисларда тарбияланувчиларимиз миллий қадриятлар, яъни, боғча ёшидан мустаҳкам оила, катталарга ҳурмат, табиатни асраш каби тушунчалар билан тарбияланаётганлиги катта қизиқиш уйғотди. Ҳиндистон, Франция, Африка қитъасидаги бир қатор давлатлар, шунингдек, Америка ва Португалиядан ташриф буюрган мутахассислар туманимизда мактабгача таълим борасида орттирган тажрибаларимизни юқори баҳолашди.
Туман сектор раҳбарлари иштирок этган тадбирда ҳоким Шоҳрух Шоаҳмедов меҳмонларга туманимизнинг узумчилик ва туризм салоҳияти ҳақида инглиз тилида гапириб берди.
– Паркент туманидаги “Ақлвой” мобиль боғчасининг фаолияти бизни ҳайратга солди, – дейди АҚШнинг Вашинтон штатидан ташриф буюрган мутахассис А.Персауд. – Умуман олганда, чекка ҳудудлардаги оилалар фарзандларига бепул таълим бериш мақсадидаги бу лойиҳа ҳар қанча эътирофга лойиқ. Бундан ташқари, тадбирда туманингиз ҳокими Шоҳрух Шоаҳмедов ҳудудлардаги узумчилик ривожи, Паркентнинг туризм салоҳияти ҳақида инглиз тилида равон гапририб бериши кутилмаган ҳолат бўлди.