Суҳбат аввалида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Мулоқотда қардош халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигининг амалий жиҳатларига эътибор қаратилди.

Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги, шу жумладан халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги мунтазам алоқалар изчиллик касб этиб боряпти.

Олий даражадаги келишувлар ижросини таъминлаш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришни мақсад қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссияси самарали фаолият юритяпти.

Музокаралар чоғида парламентларимиз ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича 2024 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва имзолаш, чегараолди вилоятларнинг маҳаллий Кенгаш депутатлари ўртасида ҳамкорликни фаоллаштириш, парламент дипломатиясини ривожлантиришга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди.

Таъкидланганидек, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг юқори динамикаси кузатиляпти. Ўтган 6 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7 баробарга ошди. 2023 йил январь-август ойларида ушбу кўрсаткич 700 миллион долларга етди. Автомобилсозлик, энергетика, электротехника ва тўқимачилик тармоқларида қўшма лойиҳалар амалга ошириляпти.

Мамлакатларимиз ўртасида савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш учун етарли салоҳият ва барча имкониятлар мавжудлиги алоҳида қайд этилди.

Суҳбат давомида икки давлат транспорт-логистика имкониятларини кенгайтирадиган лойиҳаларни амалга оширишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, Тошкент ва Бишкек шаҳарларида савдо уйларини очиш каби амалий жиҳатлар муҳокама этилди.

Томонлар икки қардош халқларни бир-бирига яқинлаштиришда маданий-гуманитар алоқалар алоҳида ўрин тутишини алоҳида қайд этдилар. Ўш шаҳрида Бобур номидаги академик театрнинг янгиланган биноси очилгани, нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий халқлар учун ҳам азиз ва қадрли бўлган машҳур ёзувчи Чингиз Айтматовнинг 95 йиллиги билан боғлиқ қатор тадбирлар Ўзбекистонда ҳам ўтказиб келинаётгани айтиб ўтилди.

Учрашув якунида яқин ўзаро ҳамкорликка ва тажриба алмашишга, турли даражадаги парламент делегацияларининг ташрифларини мунтазам ташкил этишга, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари дўстлик гуруҳлари ва қўмиталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Нурланбек Шакиев Олий Мажлис Сенатининг фахрий меҳмонлар китобида дастхат ёзиб қолдирди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.