2022 йил 9 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов бошчилигидаги делегация Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси Раиси Ерлан Кошанов билан учрашди.

Мулоқот аввалида Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси Раиси меҳмонни самимий қутлар экан, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги фаолиятига муваффақият тилади.

Учрашув чоғида азалий қардош ўзбек ва қозоқ халқларининг ўтмиши ва бугуни, орзу-ниятлари ҳамда интилишлари ўхшаш экани, бунда икки давлатнинг ўзаро ишонч, яқин дўстона муносабатларга асосланган ҳамкорлиги муҳим роль ўйнаётгани алоҳида таъкидланди.

Мамлакатларимиз Президентларининг доимий тарзда амалга оширилаётган ўзаро ташрифлари, самимий учрашув ва мулоқотлари халқларимизнинг вақт синовидан ўтган дўстона муносабатларига янгича руҳ бағишлаб келяпти

Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси Раиси стратегик мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлгани, барча соҳалардаги ҳамкорликни барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратилганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов Ўзбекистон-Қозоғистон иттифоқчилик муносабатлари ва интеграция алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини қадрлагани учун миннатдорлик билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ҳамда Қозоғистон Республикаси парламенти Мажилиси раиси Е.Кошанов парламентлараро ҳамкорлик Кенгашини ташкил этиш тўғрисида битим имзолади.

Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашув чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.