Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг навбатдаги 14-саммити ўз ишини бошлади. 

Тошкент саммитида БМТ, Парламентлараро Иттифоқ ва унга аъзо мамлакатлар парламентлари палаталарининг аёл-спикерлари, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 17 та давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этмоқда.

Парламентлараро Иттифоқ ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман «Парламент етакчилиги: барқарорлик ва фаровонликни янада самарали таъминлашда хавф-хатарларни баҳолаш» мавзусида ўтказилмоқда.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу нуфузли анжуман иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Президент матбуот котиби Ш.Асадов ўқиб эшиттирди.

Саммитнинг асосий мақсади COVID-19 пандемияси ва у билан боғлиқ инқироз оқибатларини ҳисобга олган ҳолда барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича парламентлар фаолиятининг устувор йўналишлари ва ҳаракатларини белгилашдан иборат.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу нуфузли анжуман иштирокчиларига йўллаган табригини Президент администрацияси раҳбари ўринбосари, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Саммитни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан очар экан, анжуман кун тартибидаги барча мавзулар ўта долзарб, дунё мамлакатларининг келажак тақдири учун катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этди. Анжуманда пандемия оқибатида юзага келган жиддий ижтимоий ва иқтисодий инқирозларни, хусусан, янги хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича конструктив таклифлар ишлаб чиқиш, уларни биргаликда амалга ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни белгилаб олиш мақсад қилингани таъкидланди.

Парламентлараро Иттифоқ раиси Дуарте Пачеко сўзга чиқиб, Тошкент саммит юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди. Саммитда кўрилаётган масалалар ва улардан келиб чиқадиган хулосалар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада самаралироқ таъминлашга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Анжуман иши «Пандемиядан кейин глобал тикланишга тўсқинлик қиладиган хавфларни бартараф этиш» ҳамда «Технологиялар билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш ва технологиялар оламида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни ҳимоя қилиш» мавзуларидаги иккита сессия доирасида ташкил этилади.

Биринчи сессияда тенглик, инклюзивлик ва атроф- муҳит муҳофазасига асосланган барқарор ривожланиш нуқтаи назаридан иқтисодиётни тиклаш, репродуктив саломатликни муҳофазалаш бўйича зарур чора-тадбирлар ҳамда COVID-19 пандемиясидан кейин иқтисодиётни тиклаш бўйича энг яхши амалиётларни муҳокама қилиши режалаштирилган.

Кунинг иккинчи ярмида бўлиб ўтадиган иккинчи сессияда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ҳолда рақамли иқтисодиёт ва меҳнат соҳасида технологик инновацияларни рағбатлантириш, миллий ва халқаро миқёсда рақамли тафовутни бартараф этиш учун амалга оширилаётган ташаббуслар, шунингдек, парламентларнинг аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини интернет оламида тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишдаги ҳаракатлари каби масалалар иштирокчилар эътиборида бўлади.

Саммит эртага, 9 сентябрь куни ўз ишини давом эттиради.

Баҳор ХИДИРОВА,

«Янги Ўзбекистон» мухбири