Пахтачи тумани деҳқонлари пахтачиликда ҳам ғаллачиликда ҳам катта тажрибага эга. Бу ерда яхшигина мактаб шаклланган. Айни кунларда туман далаларида пахта йиғим-терими мавсуми билан биргаликда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Жорий йилда тумандаги 225 та фермер хўжаликлари ва 2 та кластер корхоналарининг 6 минг 254 гектар ер майдонига ғалланинг иқлим шароитига мос эртапишар ва ҳосилдор навлари экилмоқда.
Шу мақсадда отрядлар шакллантирилиб, кузги агротехник тадбирлар тизимли асосда олиб борилмоқда, мавжуд 6 та замонавий ғалла экиш сеялкаларидан унумли фойдаланилмоқда.
Кузги бошоқли дон экинларининг ўз вақтида ва сифатли экилиши “Ўзагроинспекция”нинг Пахтачи туман бўлими томонидан назорат қилинмоқда.
Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экиш ишларини асоссиз равишда кечиктираётган фермер хўжаликлари ҳам учрамоқда.
Хусусан, инспекциянинг Пахтачи туман бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида тумандаги “Хасан бобо” фермер хўжалигининг 45 гектар, “Ниҳол замини” фермер хўжалиги 15 гектар, “Муҳаммад кўклам ерлари” фермер хўжалигига қарашли 20 гектар, “Назар Раҳимов ерлари” фермер хўжалигининг 9 гектар ер майдонига кузги бошоқли дон экинлари экилмаганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан қонуний чора кўришлик учун ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда, деб хабар берди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.