Пахтачида пахта етиштириш бўйича катта мактаб яратилган. Кўп йиллардан бери тажрибали, ер билан тиллашадиган деҳқонлар пахтадан салмоқли ҳосил олиб, илғорликни қўлдан бермай келишмоқда.
Эрта баҳорда туман деҳқонлари яхши ният билан 8 минг 195 гектар ер майдонига чигит экишган бўлиб, ғўза парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказгани боис, мўл ҳосил етиштирилди.
Мазкур тадбирлар ижроси агроинспекциянинг туман бўлими томонидан доимий равишда мониторинг қилинди. Бугунги кунда майдонларда пахта хом - ашёси тўлиқ пишиб етилди.
Эрта эккан, эрта йиғиштирар деганларидек, туманнинг “Барҳаёт Қурбон Ражабов” номли ММТП ҳудудида жойлашган “Янги ҳаёт 777” фермер хўжалиги томонидан 17.9 гектар ер майдонида пахта етиштирилган бўлиб, туманда биринчилардан бўлиб, пахта топшириш юзасидан тузилган контрактация режасини ошиғи билан уддаланди.
Тажрибали фермер Умаржон Тожиев бошчилигидаги хўжалик аъзолари қисқа муддатларда қабул масканларига 48,2 тонна сифатли пахта хом ашёсини топширди. Биринчи теримданоқ ҳар гектар ердан 30 центнердан ҳосил йиғиштириб олинди.
Фермер хўжалиги пахта майдонларида йиғим-терим ишлари қизғин давом этмоқда, “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.