Бугун ушбу заҳматкаш халқнинг орзулари рўёбга чиқмоқда. Фуқаролар томонидан ички хўжалик йўлларида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш бўйича мурожаатлари ўз ечимини топмоқда. Нуроний отахонлар дуоси билан бошланган хайрли ишлар кўлами кенгайиб, овул обод гўшага айлантирилмоқда.
Хусусан, “Пахтаобод” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги жами узунлиги 3,5 километр ички хўжалик йўлларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Бу фуқароларга қулайлик яратмоқда.
— Мен бу ерга келин бўлиб тушганимдан буён ички кўчалар тупроқ йўллардан иборат эди, — дейди пахтаободлик Меҳри Сапаева. — Бу йўллар куз, қиш, баҳор фаслларида лой, ёзда эса чанг, тупроқ бўлиб боғча ва мактабга борадиган болажонларимиз учун қийинчилик туғдирар эди. Бугун овулимизда йўл қуриш ишлари бошланганидан барча ҳамқишлоқларимиз ҳурсанд.
Бугун овулда биноларнинг фасад қисми таъмирланиб, электр узатиш симлари янгисига алмаштирилди. Шунингдек, трансформаторлар, пиёдалар учун йўлакчалар ҳамда овул фуқаролар йиғини биноси таъмирланди. Қисқа муддат ичида ушбу ҳудуд сўлим гўшага айлантирилмоқда.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири