Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузурида Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ташкил этилди. Бугунги кунда марказ педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида бир нечта нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, Cambridge Assessment International Education (Буюк Британия) ҳамда PDQ (Professional Development Qualification) билан касбий ривожланиш лойиҳаси устида ишлар олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳани биринчи босқичда Президент мактабларида, кейинги босқичларда эса ихтисослаштирилган ва ижод мактабларида, истиқболда барча умумтаълим мактабларига жорий этиш режалаштирилган. Шунингдек, Портсмут ва Ноттингем Трент университетлари билан раҳбар кадрлар ва инглиз тили фан ўқитувчилари малакасини ошириш борасида ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан келишувга эришилган.
Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари:
Агентлик тизимидаги раҳбар ва педагог ходимларни узлуксиз касбий ривожлантириш, уларнинг малакасини ошириш курсларини халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этиш;
халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Агентлик тизимидаги таълим муассасаларидаги ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ва сертификатлаш;
Агентлик тизимидаги таълим муассасалари битирувчиларини якуний давлат аттестациясидан ўтказиш ҳамда миллий сертификатлаш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
Агентлик тизимидаги таълим муассасалари ўқувчиларининг таълимдаги ютуқларини таълим дастурларига асосланган ҳолда баҳолашни илмий-методик жиҳатдан таъминлаш, такомиллаштириб бориш, таълим сифатини баҳолаш натижалари бўйича илмий асосланган хулоса ва таклифларни Агентлик, Халқ таълими вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотларга тақдим этиб бориш;
таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларига доир инновацион лойиҳаларни амалга ошириш;
илмий фаолият, педагогик маҳорат ва баҳолаш соҳасида халқаро алоқаларни ўрнатиш, ҳамкорликдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
Агентлик тизимидаги педагог кадрларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш.