Маълумки, шахс тарбияси узлуксиз жараён бўлиб, инсон дунёга келишидан бошлаб, то умрининг охиригача давом этиб боради. Бу жараён давомида атроф-муҳитдаги воқеа-ҳодисаларнинг шахсга салбий ёки ижобий таъсир этиши унинг инсоний фазилатлари қай даражада шаклланганлигини белгилайди. Бугунги кунда таълим соҳаси олдида турган энг долзарб муаммолардан бири ҳам айнан шу мақсадга қаратилган бўлиб, келажак авлодни баркамол шахс сифатида шаклланишини таъминлашдан иборатдир.
Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ўсиб келаётган ёшларимиз орасида тарбияси оғир ва ноқобил фарзандлар ҳам учраб туради. Айниқса, фарзанд тарбиясига етарли даражада эътибор бермайдиган ота-оналарнинг фарзандлари, оилавий можаролар туфайли назоратсиз қолаётган ўсмирларнинг тақдири, уларнинг тарбияси ва таълимига алоҳида эътибор ва ёндашув талаб этилади. Ана шундай тоифадаги болалар томонидан дарс жараёнига нисбатан салбий муносабат шаклланиб боради.
Яна шуни эътироф этиш лозимки, дарс жараёнига нисбатан салбий муносабатларнинг шаклланишида у ёки бу фанлардан сабоқ бераётган ўқитувчилар ҳам сабабчи бўлишлари мумкин. Тажрибалар кўрсатадики, ўқитувчининг ўқувчига нисбатан қўпол муомаласи, ўқувчи қалбига йўл топа билмаслик, ўринсиз танбеҳ ва дашномлар, ўқувчини менсимаслик, адолатсизлик сингари иллатлар ҳам ўқувчида ўша дарс бераётган ўқитувчининг нафақат ўзига, балки унинг фанига нисбатан ҳам нафрат уйғотади.
Агар биз фарзандларимизни ҳар томонлама етук, баркамол инсон қилиб тарбияламоқчи бўлсак, уларнинг хатти-ҳаракатларини ҳар томонлама ўрганишимиз шарт. Халқимизнинг “бола бошидан” деган иборасига амал қилиб, болаларимизнинг таълим-тарбиясида бўшлиқларга йўл қўйиб бўлмайди. Бунинг учун эса ота-онанинг, таълим муассасалари ўқитувчи-педагоглари, амалиётчи психологлар, жамоатчи ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг ҳар бирига тегишли бўлган масъулияти борки, бу масъулият уларга салмоқли вазифаларни юклайди.
Шундай қилиб, замонавий таълим-тарбия муаммоси етакчи масала сифатида давлат сиёсати даражасига кўтарилган даврда, фарзанд тарбиясида оила, яъни ота-оналарнинг таълим салоҳияти, таълим муассасаси билан аниқ мақсадга йўналтирилган узвий ўзаро манфаатли ҳамкорлиги зарурияти юзага келди. Ҳозир моҳияти ва мазмуни, стратегияси ва тамойиллари бўйича таъсирчан кучга айланиб бораётган модернизaциялашган таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик ёндашувлари ва усулларининг янада самарадор шаклларини ишлаб чиқишни тақозо қилмокда. Чунки яхши тарбия топган бола таълим муассасаларида яхши ва аъло баҳоларга ўқийди. Бугунги кунда ўқитиладиган фанларни давлат таълим стандартлари даражасида ўзлаштирилмаслиги — бу дарс интизомига тўғридан-тўғри боғлиқ.
Инновaцион педагогик таълим кластерини таълим-тарбия жараёнларига қўллаш ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Бу борада Чирчиқ давлат педагогика университетида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар натижасида қўлга киритилаётган ишлар диққатга сазоворлиги билан аҳамиятли.
Тажрибалар кўрсатадики, умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларининг дарс интизомига салбий муносабати оқибатида фанлардан ДТС талаблари даражасида ўзлаштирмасликдан ташқари, қоидабузарликлар, безорилик, жиноятчиликлар содир этилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ота-оналарнинг бефарқлиги, масъулиятсизликлар, мактаб билан алоқани йўлга қўймаслик, боланинг бўш вақтини назорат қилмаслик, фарзандларининг келажак тақдири билан қизиқмаслик сингари ҳолатлар вазиятни янада чигаллаштириб юбормоқда.
Тарбия муаммоси ҳамманинг иши — умумхалқ масаласи бўлгани учун ҳам дарс интизомига бўйсунмайдиган ўқувчилар билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш, бу ишга кенг жамоатчиликни жалб этиш, мактаб — оила — маҳалла — корхона, ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар орқали ота-оналарга таъсир кўрсатиш, фарзандлари ўқийдиган таълим муассасаларига ташриф буюришларига эришиш, улар масъулиятларини ошириш мақсадида олиб борилган тажриба-синов ишлари ўзининг ижобий натижаларини берди.
Ана шундай муҳим эҳтиёжнинг мавжудлигидан келиб чиқиб, ушбу мақоламизда кенг жамоатчиликка мурожаат этмоқчимизки, ёшлар тарбияси ҳамманинг иши бўлмоғи керак. Чунки жамиятимизнинг тараққиёти, халқимизнинг фаровонлиги бевосита шу жамиятда яшайдиган баркамол авлодга, рақобатбардош кадрларга боғлиқ. Бошқача қилиб айтганда, баркамол авлоб тарбиясидан бутун миллат манфаатдор бўлади. Дарс интизомига салбий муносабатдаги ўқувчилар аслида оилада ота-оналарнинг фарзандалари тарбиясига лоқайдлиги, масъулиятсизлиги оқибатида келиб чиқади. Шундай ҳолларда корхона раҳбари мактаб директорининг мурожаатига асосан ўша ота-онага нисбатан интизомий таъсир чорасини кўриши ўзининг ижобий натижасини бериши тажрибаларимизда исботини топди.
Корхонада ота-оналар доскасини ташкил этиш, фарзанд тарбиясида намунали ота-оналарни рағбатлантириш, масъулиятсизларга нисбатан таъсирий чораларни кўриш айни муддао бўлади.
Раҳматилла МУСУРМОНОВ,
Чирчиқ давлат педагогика университети “Мактаб менежменти” кафедраси доценти, педагогика фанлари номзоди