Таълим тизимининг кейинги чорак асрдаги фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Шу билан бирга таълим турлари ўртасидаги алоқа ва узвийлик таъминланишида айрим камчиликлар ҳам кузатилди. Бу пировардида мақсадни белгилашдаги тарқоқликка ва таълим сифатининг пасайишига сабаб бўлди. Кадрлар тайёрлаш бўйича давлат сиёсатида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ўзига хослиги, талаб ҳамда эҳтиёжлари тўлиқ ҳисобга олинмаслиги, меҳнат бозоридаги талаб ва таклифнинг чуқур ўрганилмаслиги натижасида кадрларнинг ҳудудлар бўйича тақсимотида мувозанатнинг бузилиши кузатилди. Бунинг натижасида айрим ҳудудларда педагог кадрларга эҳтиёж узоқ йиллар давомида қондирилмади.

Тизимдаги бу каби камчиликларни бартараф этиш мақсадида кейинги тўрт йилга яқин вақт мобайнида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларига оид бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларда кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан такомиллаштириш, хусусан, тизимга ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини татбиқ этишга жиддий эътибор қаратилган. Таълим тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган мазкур ҳужжатларнинг барчасида соҳага инновацияларни киритиш, хорижий тажрибаларни ўзлаштириш, ижодий ёндашувларни қўллаб-қувватлаш, таълим турлари ўртасидаги интеграция жараёнларини кучайтириш билан боғлиқ умумий жиҳатларни кўриш мумкин.

Иқтисодий салоҳиятга мос ўқитиш зарур

Тошкент вилояти юртимизнинг иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожланаётган ҳудудларидан ҳисобланади. Ҳудудда йирик ишлаб чиқариш корхоналари мавжудлиги, хусусий секторнинг нисбатан кенг тараққий этаётгани вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Бу яхши, аммо вилоятда ижтимоий соҳалар, хусусан, таълим соҳаси ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятига мувофиқ ҳолда барқарор ривожланяпти, деб айтолмаймиз. Ҳозирги кунда вилоятда мактабгача ва халқ таълими тизими билан боғлиқ долзарб қатор муаммолар мавжуд. Ҳудудда педагог кадрларга талаб бўйича истиқбол режаларнинг мавжуд эмаслиги, малакали ўқитувчиларга эҳтиёжининг тўла қондирилмагани, таълим турлари ўртасида узвийлик ва интеграциянинг етарлича таъминланмагани таълим-тарбия сифати пастлиги, ўқитишга нисбатан тизимли ёндашувнинг сустлиги шулар жумласидан.

Умуман, бу муаммоларни яна давом эттириш мумкин. Улар кенг қамровли ва кўпқиррали ижтимоий масала бўлиб, ечими бир-икки сабаб билан топилмайди. Бу муаммолар ҳудудий ҳокимликлар ва уларнинг тасарруфидаги тегишли бўлинмаларнинг айни масала бўйича тизимли иш олиб бориши натижасида ижобий ечим топиши мумкин.

Ҳозир Тошкент вилояти таълим тизимида шундай янги механизм яратилиши ҳаётий заруратга айланди. Унда таълим турлари ўртасида ўзаро назорат ҳам, рақобат ҳам, манфаатлар ҳам таъминланиши зарур. Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги қарорига биноан ташкил этилган Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ана шу муаммонинг илмий-назарий ва амалий ечимини топишни ўзининг асосий стратегик тадқиқот йўналиши сифатида белгилаб олган. Бу вазифалар педагогик таълим инновацион кластерининг илмий-назарий асосларини яратиш ва уни амалиётга татбиқ этиш механизмларини ишлаб чиқишни талаб қилади. Дарҳақиқат, педагогик таълимнинг жамият барқарор ривожланишидаги юқори ижтимоий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда замонавий талаблар, тизимдаги муаммолар ва уларни ҳал қилишда фан ва таълим бўғинлари ўртасидаги тарқоқлик бугунги кунда узлуксиз педагогик таълимни кластер ривожланиш моделига ўтказиш заруратини тақозо этмоқда.

Институт илмий салоҳияти ва мактаблар тажрибаси бирлаштирилмоқда

Педагогик таълим кластери бўйича Тошкент вилояти тажрибаси сифатида эътироф этилаётган кенг кўламли илмий-амалий лойиҳанинг пировард мақсади ҳудудда мактабгача ва халқ таълими тизимининг салоҳиятини оширишга қаратилган. Педагогик таълим кластери бўйича Тошкент вилояти тажрибаси сифатида оммалашаётган инновацион лойиҳа ҳудуддаги таълим субъектларининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, ўзаро назорат тамойилига асосан иш юритишни назарда тутади.

Мазкур кластер бўйича бугунги кунда институтда ўттизга яқин илмий тадқиқот ишлари бажарилмоқда. Уларда халқ таълими тизимидаги муаммолар ечими бўйича лойиҳалар тажриба-синовдан ўтказиляпти. Жараён институт томонидан йигирма иккита мактабда ташкил қилинган “Мактаб-лаборатория” инновацион тажриба майдончаси ва “Модулли мактабгача таълим лаборатория”сида амалга оширилмоқда. Ушбу инновацион тажриба-синов майдончаларидаги ишлар институтнинг илмий салоҳияти ва мактабларнинг тажрибасини бир нуқтага жамлаш тамойилига асосан бажариляпти.

Тажриба-синовнинг дастлабки натижалари олинди. Унда қатор кўрсаткичлар кузатилди. Жумладан, бўлғуси ўқитувчиларнинг касбий кўникиш даври қисқарди. Ўқувчилар билимидаги бўшлиқлар камайди. Дарсликлар ва ўқув дастурларидаги камчиликларни бартараф қилиш бўйича таклифларнинг ишлаб чиқилди. Мактаб ва институт ўртасида тезкор ахборот алмашиш имконияти пайдо бўлди. Талабаларнинг мактабдаги муаммоларни яқиндан билиши ва унинг ечимига ўзини тайёрлаш имконияти вужудга келди. Олий таълим муассасаси ва мактаблар ўртасида ўзаро назорат тамойилида ишлаш кўникмаси шакллана бошлади.

Боғча таълимига янгича ёндашув

Мактабгача таълим босқичи — энг муҳим бўғинлардан бири. Афсуски, йиллар давомида ушбу таълим босқичини ислоҳ қилиш, мактабгача таълим муассасаларига қамровни ошириш, уларнинг моддий-техник базасини замон талабларига мослаштириш масаласига кам эътибор қаратилди. Президентимизнинг 2017 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қароридан кейин таълим тизимининг қуйи бўғинига эътибор кучайди. Бунинг натижасида фарзандларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси кескин ошди. Олти ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинди. Бунга бюджетдан 130 миллиард сўм ажратилиб, жараёнда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам бевосита иштирок этади. Бу ишларнинг замирида мактабгача ёшдаги фарзандларимизга таълим-тарбия бериш тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ умидбахш мақсадлар мавжудлигини кўрамиз.

Педагогик таълим инновацион кластери доирасида Чирчиқ давлат педагогика институти мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ичдан ўрганиш, у ердаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Модулли мактабгача таълим лаборатория” инновацион тажриба майдончалари фаолиятини йўлга қўйди. Бундай майдончаларда институтнинг қатор профессор-ўқитувчилари талабалар билан бирга муайян муаммонинг ечимига қаратилган илмий лойиҳалар устида изланиш олиб бормоқда. Ҳозирги кунда ушбу тажриба-синов майдончаларида учта лойиҳа тажриба-синовдан ўтказилмоқда. “Модулли мактабгача таълим лаборатория”ларида институтнинг илмий салоҳияти ва мактабгача таълим муассасалари тарбиячи-педагогларининг тажрибасини бирлаштириш орқали натижага эришиш назарда тутилган.

Шу ўринда япониялик тадқиқотчи, бола руҳиятининг билимдони Масару Ибуканинг “Учдан кейин кеч” китобини эслаш лозим деб ўйлайман. Ушбу китобга нисбатан шундай таъриф берилган: “Бу китоб ёзилган китобларнинг энг муҳимларидан биридир. Уни Ер куррасидаги барча ота-оналар ўқиши керак!” Дарҳақиқат, китоб ота-оналар ва боғча тарбиячи-педагоглари учун жуда муҳим қўлланма ҳисобланади. Муаллифнинг фикрича, катта ёшлилар қийинчилик билан ўрганадиган билимни болалар ўйнаб илғаб олади. Ушбу жараённинг асоси айнан таълимни ўз вақтида бера бошлашда. Сўнгги тадқиқотларда инсон миясининг имкониятлари ниҳоятда кенглиги, таълим ва тарбия болага қанча эрта берилса, шунчалик ўзининг ижобий самарасини кўрсатиши исботланмоқда. Шу маънода Модулли мактабгача таълим лабораторияларида бажарилаётган лойиҳалар бола руҳияти ва имкониятлари билан боғлиқ мазкур тадқиқотлар самарасига бизни яқинлаштиради. Масалани бевосита кузатиш жараёнида тадқиқ этиш имконини беради.

“Мактаб-лаборатория” инновацион тажриба майдончаси

“Мактаб-лаборатория” лойиҳаси — миллий педагогикамизда янги тушунча. Унинг илмий истеъмолга олиб кирилиши Чирчиқ давлат педагогика институти фаолияти билан боғлиқ. “Мактаб-лаборатория”лар педагогик таълим инновацион кластерининг ядросини ташкил қилади. Илмий-педагогик ва инновацион лойиҳаларни яратиш ҳамда тажриба-синовдан ўтказиш билан боғлиқ вазифаларни бажаради.

Мазкур инновацион тажриба майдончаларининг мақсади узлуксиз таълим жараёнида таълим турлари ўртасидаги илмий, услубий ва таълим воситаларини ривожлантириш, педагогик таълим инновацион кластерини амалиётга татбиқ этиш билан боғлиқ илмий-педагогик лойиҳаларни тажриба-синовдан ўтказишдан иборат.

Ташкил қилинган “Мактаб-лаборатория”ларда таълим муассасаларининг муайян йўналишлардаги кўрсаткичини ошириш ёки муайян муаммонинг бартараф қилиш билан боғлиқ янги лойиҳалар тажриба-синовдан ўтказилмоқда. Ҳозир “Ёш ташаббускор мураббий”, “Бошланғич синф ўқувчиларининг билиш жараёни диагностикаси ва динамикаси”, “Montessеri”, “Натижа”, “Таълимда тараққиёт сари”, “Педагог”, “Инноватор мураббий”, “Педагог рассом”, “Иқтидор”, “Ривож”, “Маданиятлараро мулоқот”, “Маҳоратли географ”, “Инноватор ўқитувчи” каби ўн тўртта лойиҳа тажриба-синовга қўйилган. Улар мактабгача ва умумтаълим муассасалари фаолиятининг турли йўналишларида самарадорликни оширишга қаратилган. Лойиҳалар институт профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳияти ва мактаб ўқитувчиларининг тажрибасини бирлаштириш тамойилига асосан ишлаб чиқилган.

Келажак ўқитувчиси концепцияси

Институтда таълим жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этиш, талабаларда касбий компетенцияларни шакллантириш орқали уларнинг келажакда замон талабларига жавоб берадиган педагог кадрлар бўлишини таъминлаш мақсадида “Келажак ўқитувчиси концепцияси” ишлаб чиқилди. У мамлакатимизда амалга оширилаётган таълимга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва асосий тамойиллари асосида ишлаб чиқилган. Ҳозирги мураккаб глобаллашув даврида тез ўзгараётган замон талабларига жавоб берадиган, рақобатбардош, ўз соҳасига ёндош бир неча касб-ҳунарни пухта эгаллаган ўқитувчиларни тайёрлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар ва уларни ҳал этиш йўлларини белгилаб беради. Замонавий талабларга жавоб берадиган, ҳаётий ва касбий компетенцияларга эга, креатив ва ностандарт фикрлаш кўникмаларини ўзлаштирган, дарс машғулотига ижодий муносабатда ёндашувчи, соҳага доир илғор хорижий тажрибалар билан таниш бўлган, реал шароит ва вазиятларга тезлик билан профессионал мослаша оладиган ўқитувчи шахсини тарбиялаш концепциянинг асосий мазмунини ташкил этади.

Ҳам илм, ҳам ҳунар ўрганишади

Таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигига эришиш, талабаларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, қўшимча касб-ҳунар ўргатиш орқали уларнинг ҳаётий вазият ва шароитларга мослашувчанлигини ошириш мақсадида институтда Тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва қўшимча касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил қилинди.

Ҳозир марказда дастурий таъминот ва информацион технологиялар, туризм хизматлари, кичик касб-ҳунар курслари (тасвирий санъат ва дизайн, тикувчилик, дурадгорлик, пайвандчилик, тренерлик фаолияти), қишлоқ хўжалиги ва саломатлик, мактабгача ва бошланғич таълим ҳамда уй хўжалиги хизматлари, гўзаллик индустрияси ва ошпазлик йўналишлари бўйича қўшимча касб-ҳунар ўргатилмоқда.

Марказ битирувчиларига белгиланган намунадаги сертификатлар берилади. Бу уларнинг келажакда шу соҳа билан профессионал даражада шуғулланишига имкон беради.

Муассасанинг “ташриф қоғози”

Президентимиз “Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!” деб таъкидлаган эди. Бу гап жамиятимиз тараққиётининг айни босқичи учун жуда топиб айтилган. Унда илмга берилган баҳо, тарбияга берилган ижобий сифат ва билимсизликка нисбатан муносабат мавжуд. Биз айни пайтда илм-маърифатни ривожлантирмасдан тараққиётнинг кейинги босқичига чиқа олмаймиз. Бунинг учун эса тизимдаги муаммоларни бартараф қилиш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни тўғри йўлга қўйиш лозим.

Бугунги кунда институтнинг катта илмий жамоаси бажараётган кенг кўламли имий-амалий ва тарбиявий ишлар, хусусан, олий таълим муассасасининг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланаётган педагогик таълим инновацион кластерининг илмий-назарий асосларини яратиш ва уни амалиётга татбиқ этиш устида олиб борилаётган тадқиқотлар вилоятда таълим сифатини ошириш мақсадига қаратилган. Изланиш ва тажриба-синов ишларининг дастлабки натижалари ушбу лойиҳа истиқболли эканини кўрсатмоқда. Чирчиқ тажрибаси сифатида уни оммалаштириш, шубҳасиз, педагогик таълимда ўзининг ижобий самарасини беради.

Ғофур МУҲАМЕДОВ,

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ректори