Мажлисда "Адолат" СДП фракцияси ташаббуси асосида киритилган — болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Ушбу ҳужжат билан Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.
Унда болаларга нисбатан содир этиладиган зўравонлик ва жинсий тажовузлар учун жазо чораларини кучайтириш, жабрланган болаларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда масъул ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган нормалар акс этмоқда.
Энг аввало, болаларга нисбатан содир этилган ўта оғир жинсий жиноятлар учун жазо кескин кучайтирилмоқда. Хусусан, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида боланинг жинсий эркинлигига қарши жиноятларни содир этган шахслар жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли жавобгарликдан ва жазони ижро этиш муддати ўтганлиги боис жазодан озод қилинмаслиги белгиланмоқда. Бу орқали бола ҳаётига тажовуз қилган оғир қилмишлар учун жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий кафолатлар кучайтирилади.
Болаларни ҳимоя қилиш фақат жиноят содир этилганидан кейин жазо тайинлаш билан чекланмайди. Зўравонликнинг олдини олиш, жабрланган боланинг ҳуқуқларини таъминлаш ва унинг манфаатларини тергов ҳамда суд жараёнларида ҳимоя қилиш ҳам бирдек муҳимдир.
Шу мақсадда зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жинсий эркинликка қарши жиноятлар бўйича жабрланган бола билан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчини юзлаштиришни махсус тартиб асосида ўтказиш таклиф этилмоқда. Болага яқин шахслар томонидан зўравонлик содир этилган ҳолатларда эса жиноят ишини судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокини таъминлаш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизми ҳам жорий этилмоқда. Бу болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда уларнинг моддий имкониятларидан қатъи назар, малакали юридик ёрдам олиш имкониятини кенгайтиради.
Қонун лойиҳаси болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда масъулиятсизликка ҳам чек қўйишга қаратилган. Жумладан, болага ғамхўрлик кўрсатмаслик, Болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини ижро этмаганлик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни белгилаш таклиф этилмоқда.
Вояга етмаганга нисбатан қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш, бир гуруҳ шахслар томонидан ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилишини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш, шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун жазо чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Ҳужжатда болаларнинг хавфсизлиги учун ота-она ва таълим муассасалари ходимларининг масъулияти ҳам алоҳида белгиланмоқда. Болаларни тарбиялаш мажбуриятини бажармаслик, шаҳвоний шилқимлик қилиш ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш каби ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо чораларини кучайтириш, таълим-тарбия жараёнида педагог томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилган тақдирда эса меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш учун ҳуқуқий асос яратиш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш ҳам назарда тутилган.
Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти шундан иборатки, болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳеч бир кўриниши эътиборсиз қолмаслиги, ҳар бир аниқланган ҳолат қонун доирасида баҳоланиши, айбдорлар эса қилмишига яраша қатъий жавоб бериши керак. Бу борада нафақат зўравонлик содир этган шахслар, балки болаларни ҳимоя қилиш бўйича ўз вазифаларини бажармаган масъулларнинг ҳам жавобгарлигини белгилаш муҳимдир.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болаларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, зўравонликнинг олдини олиш, жабрланган болаларнинг ҳуқуқларини тиклаш ҳамда жамиятда бундай қилмишларга нисбатан муросасиз муносабатни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.