Дастур доирасида қатнашчилар бир неча гуруҳларга бўлинади. Ҳар бир гуруҳда икки киши бўлиб, улар Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга жўнашади. Тасвирга олиш 3 сентябрь куни Намангандан бошланиб, 15 сентябрь куни Қорақалпоғистонда якунланади.
2005 йилдан бошлаб жамоалар мамлакатлар бўйлаб, икки киши учун бир кунга ажратилган атиги 1 Евро билан саёҳатга отланишади. Ажратилган ўта кам миқдордаги бу маблағ иштирокчи актёрларни маҳаллий аҳолининг меҳмондорчилиги, очиққўллиги ва ёрдамига таянишга мажбур қилади. Мазкур жараёнлар томошабинларга эсда қоларли воқеалар, маҳаллий аҳолининг меҳмондорчилиги, миллий маданият ва анъаналар билан яқиндан танишиш имкониятларини яратади.
Суратга олишда асосий эътибор Ўзбекистоннинг бетакрор гўзал табиати, миллий урф-одатлар, маданий мерос объектларига қаратилади, бу эса Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб этишга ҳам хизмат қилади.
Тасвирга олиш жараёнларида иштирок этиш учун 87 нафар турли давлатлар вакилларининг бугун Наманганга ташриф буюриши кутилмоқда.
Кўрсатувнинг ҳар бир воқеасини ўртача 3 млн. нафар томошабин, яъни прайм-тайм бозорининг 14,3 фоизи кўради. Ушбу телешоу Евроиттифоқ ва Жанубий Америка телеканаллари орқали намойиш этилади.
Санжарбек Ҳамидов