Мулоқотда уюшма раҳбарияти мамлакатимизда хорижий инвесторларга яратилган шароит ва имкониятлар, эркин иқтисодий зоналар ва экспортёр корхоналарга давлат томонидан берилаётган имтиёзлар хусусида батафсил маълумот берди.

Ўз навбатида «Декос» компанияси Ўзбекистонда бизнесни йўлга қўйиш учун ҳукумат томонидан етарлича имкониятлар яратилганини қайд этди. Компания раҳбари Александр Синяков республикамиз ҳудудлари жумладан, Тошкент шаҳри, Наманган ва Фарғона вилоятларида бўлиб, чарм-пойабзал ва чарм-атторлик буюмларини ишлаб чиқарувчи корхоналарига ташриф буюрди. Ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда тайёр маҳсулотлар билан яқиндан танишди.

Маълумот ўрнида қайд этиш керак, «Декос» компанияси «Pellecon» бренди остида табиий ва сунъий чармдан чарм-атторлик буюмларини ишлаб чиқаради.

Мулоқот давомида Россия компанияси Ўзбекистонда янги корхона очиш бўйича ташаббус билдирди. Мазкур корхонада сифатли ва экспортга йўналтирилган чарм-атторлик буюмлари ишлаб чиқарилади. Шунингдек, Россиялик мутахассислар иштирокида маҳаллий кадрларни малакасини ошириш бўйича ишлар амалга оширилади.

Учрашув якунида янги корхонани очиш бўйича зарур бўлган ташкилий ва амалий масалалар атрофлича муҳокама этилди деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.