Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, барча туман ва шаҳарларда Адлия вазирлиги тизимида юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур қарор билан, 2021 йил 1 октябрдан юридик хизмат кўрсатиладиган давлат идораларининг марказларга юбориладиган ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш жараёнларини электрон шаклга ўтказувчи “E-huquqshunos” электрон тизими яратилди, иш юритуви тўлиқ рақамлаштирилиб, қоғозбозликка барҳам берилди.

Эндиликда 207 та туман ва шаҳарлардаги 2 мингдан ортиқ давлат органларида ҳуқуқни бир хил қўллаш амалиёти шаклланди ҳамда аҳолига ва бевосита ижрочиларга қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини етказиш ва тушунтиришнинг янги бўғини яратилди.

Тошкент вилояти адлия бошқармаси тизимидаги 22 та юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан хизмат кўрсатилаётган ташкилотларнинг юридик аҳамиятга эга ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, ташкилотлар ходимларини ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда. Хўжалик шартномаларида тарафлар ҳуқуқларининг тенглигини таъминлаш билан бир қаторда ташкилотлар томонидан амалда қўлланаётган буйруқ ва шартномаларнинг қонун ҳужжатлари доирасида тузилаётганлигини аниқлаш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, судда даъво ва талабнома ишларида ташкилот ҳамда унинг ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалий ишлар бажарилмоқда.

Қисқа вақт мобайнида юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан 71 мингга яқин ҳужжатларга қонунчиликка мувофиқ эканлиги ҳақида ҳуқуқий хулосалар берилди.  4 минг 831 та  ҳужжат эса рад этилди.

Ангрен шаҳар юридик хизмат кўрсатиш марказига Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Ангрен шаҳар бўлими томонидан пенсионерларга тўланадиган маблағларни ундириб бериш юзасидан мурожаат келиб тушди. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 декабрдаги 357-сонли қарори ҳамда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 15- моддасига  мувофиқ   “Энергоиссиқликмонтаж” УКдан  пенсионерлар манфаатларини кўзлаб 30 млн. 987  минг 364 сўм маблағ ундириб берилди.

Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. 2022 йил 1 августдан бошлаб босқичма-босқич  юридик хизмат билан таъминланмаган давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) бўлинмалари, давлат умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникаларини қамраб олиш ҳамда уларга сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатиш белгилаб қўйилди.  

Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этиш мақсадида Тошкент вилояти адлия бўлими томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларида “E-huquqshunos” электрон тизимидан фойдаланиш бўйича семинарлар ўтказилиб, раҳбарлар электрон рақамли имзо калитлари билан таъминланди.

Гулмирза Каримов,

Тошкент вилояти адлия бўлими

Ҳуқуқий хизматлар бўлими

бош маслаҳатчиси