Шулардан бири пенсия таъминоти, нафақалар тайинлашдаги ўзгаришлардир. Яқин-яқингача мавжуд тизим халқимиз манфаатларига тўла жавоб бермас, пенсия тайинлаш, қолаверса, пенсия пулини ўз вақтида олиш жиддий муаммо эди. Бу ҳам майли, банк пластик картасига тушган пенсияни нақдлаштириш масаласидаги ечилмас тўсиқлар-чи? Табиийки, бу ҳолат аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўларди.

Ечими йўқдек кўринган бу масалалар Президентимизнинг алоҳида эътибори, сиёсий иродаси билан тезда ҳал этилди.

Бундай муҳим ислоҳотлар қисқа муддатда ўз натижасини бера бошлади. Масалан, 2021 йилда пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамай, Пенсия жамғармаси томонидан 391,9 минг фуқарога пенсия ва нафақалар тайинланган. Бугунги кунга келиб юртимизда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4 миллиондан, болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 1,8 миллиондан ошди. Бу сўнгги йилларда аҳоли манфаатини кўзлаб изчиллик билан амалга оширилган ижтимоий ҳимоя сиёсатининг муҳим кўринишидир.

Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни бажаришга киришилган шу кунларда кучли ижтимоий сиёсат билан боғлиқ навбатдаги муҳим ҳужжат имзоланди. Гап Президентимизнинг 2022 йил 7 апрелдаги “Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳақида.

Қарор билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимида бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга ошадиган бўлди.

Биринчи ўзгариш: жорий йил 1 майдан эътиборан “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилганларга ва жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга бериладиган тўловлар ҳар ойнинг 5-санасигача молиялаштирилади ҳамда Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади.

Бу Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ёрқин ифодаси бўлади. Боиси, махсус дафтарларда турган юртдошларимиз, айниқса, аёллар ва ёшлар, шунингдек, билиб-билмай жиноят содир этиб, бугун озодликка чиққан, инсонпаварлик сиёсати туфайли афв этилган фуқаролар эҳтиёжи ҳаммамизга маълум. Тўловларнинг ўз вақтида етиб бориши уларнинг кундалик ҳаётини йўлга қўйиб олиши билан бирга, давлат ҳимоясини ҳис қилиши ва шу орқали эртанги кунга ишончи ошишига ҳам хизмат қилади.

Иккинчи ўзгариш: Халқ банки томонидан пенсия, нафақалар ва моддий ёрдамни фуқароларга нақд етказиш хизматлари учун Пенсия жамғармаси ва бюджетдан банкка 1 фоиз хизмат ҳақи тўлаб берилади.

Бу мижозларга пенсия ва нафақаларни етказиб беришда сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш имкониятини яратади.

Учинчи ўзгариш: пенсия, нафақа, компенсациялар ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади.

Бизда кекса авлод вакилларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Уларнинг мурожаатлари ҳам доимий эътиборда. Бу Президентимиз қарорида ҳам ўз аксини топди. Гап шундаки, шу пайтгача пенсионерлардан баъзан нақд пул ҳам керак бўлаётгани, лекин банкоматлардан пулни нақдлаштирганда банк хизмати учун 1 фоиз олиб қолинаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушаётган эди.

Энди бу муаммо бўлмайди. Тизим ишга тушиши билан, яъни жорий йил 1 майдан пенсионерлар картасига 1 фоиз миқдорда ортиқча пул келиб тушади. Агар пенсия ва нафақа банк картаси орқали олинса ва картадаги маблағ нақдлаштирилмасдан фойдаланилса, 1 фоиз миқдорида бериладиган ушбу қўшимча маблағ пенсионер ихтиёрида қолади.

Мабодо пенсионер пулни банкоматдан нақдлаштириб олса, қўшиб берилган 1 фоиз маблағ ечиб олинади. Демак, пенсионерлар учун банкоматдан пул ечиб олиш фоизсиз бўлади.

Тўртинчи ўзгариш: 2022 йил 1 сентябргача ҳарбийлаштирилган пенсиялар тизими автоматлаштирилади ва пенсия варақаларини юритиш амалиёти бекор қилинади. Бунинг натижасида аҳолининг ушбу қатлами замонавий ахборот технологиялари воситасида сифатли ва тезкор хизматлардан баҳраманд бўлади.

Бешинчи ўзгариш: хориждан 1800 та банкомат олиб келиниб, олис ҳудудларга ўрнатилади.

Бу ҳам халқимиз, айниқса, олис қишлоқларда яшаётган одамлар учун катта қулайлик. Ўз навбатида, уларнинг маблағини ҳам, вақтини ҳам тежаб қолади. Чунки баъзан пулни нақдлаштириш учун узоқ йўл юриб, гоҳида туман марказигача боришга тўғри келарди. Шу йил 1 октябригача олиб келинадиган банкоматлар муаммони ечиш учун қишлоқ ва маҳаллаларга жойлаштирилади.

Олтинчи ўзгариш: 2022 йил якунигача банкнинг пенсия ва нафақа олувчилар маблағларини масофадан бошқариш имконини берувчи янги мобил иловаси ишлаб чиқилади.

Бу пластик карталар орқали масофадан туриб турли амалиётларни бажариш, хусусан, уйдан чиқмасдан турли тўловларни тўлашга имкон яратади.

Бир сўз билан айтганда, аҳолининг ижтимоий ҳимоясига қаратилган янги ўзгаришлар халқимизга катта руҳий куч ва ғайрат бағишлайди. Шунингдек, бу каби чора-тадбирлар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ва нуронийларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борада давлат томонидан яратилаётган имкониятлардан тўла баҳраманд бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида пенсия ва нафақалар миқдорини мунтазам ошириб бориш кўзда тутилган. Таъкидлаш керакки, 2021 йилнинг декабрь ойида пенсияларнинг ўртача миқдори 922,9 минг сўмни ташкил қилиб, йил бошидагига нисбатан 111,0 минг сўмга ёки 14 фоиз кўпайган.

Қолаверса, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини қўллашда янгича ёндашувлар жорий этилаётир. Хусусан, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб зарур иш стажига эга бўлмаган, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 440 минг сўмдан 622 минг сўмга етказилди. Бунда 162 мингга яқин фуқаронинг пенсия ва ногиронлик нафақа миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалари бор оилаларга ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида янги турдаги парваришлаш нафақаси жорий этилди. Бунда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ўзгалар парваришига муҳтожлигини белгилаши ва улар тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда тақдим этиб бориши тизими йўлга қўйилди. Шунингдек 2022 йил октябрдан ушбу тоифадаги фуқароларга нафақасини фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда автоматик  шаклда тайинлаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.

Пенсия қонунчилигининг моҳияти ҳамда тизимдаги ўзгаришлар ҳақида аҳоли орасида тарғибот ва тушунтириш ишларини фаол давом эттириш, шу мақсадда жойларда сайёр учрашувлар ўтказиш, оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш ҳам муҳим вазифамиздир. Зеро, ушбу эзгу ишларнинг барчаси, аввало, халқимизнинг фаровонлигини кўзлаб амалга оширилмоқда.

Абдулазиз ҲАЙДАРОВ,

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари

Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори