Сенаторлар, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, доимий комиссия аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби доирасида муҳокама қилинадиган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Хусусан, Қўмита мажлисида «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун ҳамда янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонун муҳокамалар марказида бўлди.
Таъкидланганидек, 2015 йилда қабул қилинган амалдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонун бугунги кунда электрон тижорат соҳаси ривожланишининг тез ўзгарувчан тенденцияларига мос келмайди.
Хусусан, амалдаги Қонун барча электрон тижорат субъектларини ва улар ўртасидаги замонавий муносабатларни қамраб олмаган, электрон тижоратга оид ҳужжатларни алмашиш, тўлов механизмлари ва товарларни қайтариш масалаларини амалиётда қўллашда тушунмовчиликларни келтириб чиқаряпти. Шундан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонунда электрон шартномаларни тузишнинг аниқ тартиби, яъни электрон ҳужжатларнинг юридик кучи, офертага қўйиладиган талаблар, электрон ҳужжатларни сақлаш хусусиятлари, электрон битимни амалга ошириш тартиби, электрон шартномаларни тузиш шартлари белгиланяпти.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун борасида сўз борганда мазкур Қонун ҳам мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя сиёсати доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, унда пенсия тизимини такомиллаштиришга, пенсиялар миқдорини мунтазам ошириб боришга алоҳида аҳамият қаратилгани айтиб ўтилди.
Хусусан, Қонунга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача ойлик иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробарига оширилиши қайд этилди.
Мазкур қонунлар юзасидан сенатор, эксперт олимлар ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг таклифлари, фикр мулоҳазалари эшитилди.
Мажлис сўнггида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.