Ҳар бир инсон ҳалол меҳнат қилиб кексалик ёшига етаркан, ёшлигида қилган меҳнатининг роҳатини кўришни, оилада ва жамиятда эъзоз ва ардоқда бўлишни орзу қилади. Албатта бундай имкониятга эришиш учун давлат томонидан ажратиладиган ижтимоий ҳимоя – ёшга доир пенсия ва нафақаларнинг ўрни катта. Ҳозирги кунда мамлакатимизда уч миллион саккиз юз минг нафар аҳоли пенсия ва нафақадан баҳраманд бўлмоқда. Пенсия ва нафақалар миқдори мунтазам ошириб келинаётган аҳолининг ушбу қатламини ижтимоий ҳимоялашда муҳим омил бўлаётир.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳолининг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, пенсияни расмийлаштиришнинг замонавий тизимини яратиш борасида долзарб масалаларни илгари сурган эди. Жорий йилдаги давлат дастурида ҳам бу борада муҳим вазифалар ўз ифодасини топган. Айни пайтда ушбу йўналишда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан изчил иш олиб борилмоқда.
Президентининг куни – кеча қабул қилинган “Аҳолини ижтимоий қўллаб- қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора –тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Унга мувофиқ, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида энг кам пенсия ва нафақалар миқдори оширилди.
-Жумладан, ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилади, -дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Фаррух Пардаев.- Бунда иш стажи тўлиқ бўлмаган ҳолатдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилади. Бу имкониятдан 899 минг нафар шахс баҳраманд бўлади.. Уларнинг пенсияси қайта ҳисоб-китоб қилинади, бунинг учун бюджетдан қўшимча 214 миллиард сўм ажратилади.
Бундан ташқари, ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 000 сўмга етказилади. Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмга етказилади.
Фармон билан боқувчини йўқотган оилаларнинг пенсияси олувчиларининг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилгани ҳам муҳим янгилик бўлди. Бугунги кунда 59 минг нафар аҳоли бу имкониятдан баҳраманд бўлмоқда. Эндиликда бу имкониятлар янада кенгаяди. Бундай оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 000 сўмдан қўшилиши белгиланди.
Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513350 сўмдан 565000 сўмгача оширилади. Айтиш керакки, айни вақтда амалда болаликдан ногиронлик нафақаси 513,3минг сўм ҳамда ун ва қолипли нон учун жами 50 минг сўм миқдорида компенсация пули жами 563,3минг сўм тўланмоқда. Янги тартиб бўйича эса ушбу тўлов 565 минг сўмни ташкил этади. Бунинг натижасида 290 минг нафар олувчисининг нафақа миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинади ва жорий йилда қўшимча 3 миллиард сўм тўланади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, бу янгиликлар ижтимоий ҳимоя тизимида сўнгги пайтларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Зеро, сўнгги йилларда ҳаётимизнинг бошқа жабҳалари каби ижтиммоий ҳимоя тизимида ҳам туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Хусусан, пенсияни расмийлаштиришда ортиқча оворагарчиликларга чек қўйиладиган тизим яратиш йўлида изчил иш олиб борилмоқда.
Эндиликда бу йўналишда имкониятлар кенгайиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтж қатлами манфаатларини ҳимоялаш учун муҳим аҳамият касб этади. Ҳисоб-қитоб қилиб чиқсак, ҳозирги кунда пенсия ва нафақа олувчи фуқароларнинг қарийб эллик бир фоизи ушбу имкониятдан фойдаланар экан. Бу дегани кўплаб пенсионерлар ва бошқа инсонлар учун қўшимча қулайлик ва имтиёздир. Табиийки, бу имконият қанча-қанча инсонларнинг турмуш шароитини яхшилаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоялашда муҳим омил бўлади.
Баҳор ХИДИРОВА,
"Янги Ўзбекистон” мухбири