Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, республика “Қоракўлчилик” уюшмаси мутасаддилари, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти олимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг ташкил этилиши мамлакатимиз аграр соҳасинининг икки муҳим тармоғи тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичини белгилаб берди. Қўмита фаолияти натижасида пиллачилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар жадаллашди. Шунингдек, йиллар давомида эътиборсиз қолган қоракўлчилик соҳасини тўлиқ қайта тиклаб, қишлоқ хўжалигидаги энг сердаромад соҳага айлантириш борасида яхлит тизим яратилмоқда.
Матбуот анжуманида дастлаб пиллачилик соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Бунда айниқса уруғчиликка алоҳида урғу берилди. Қайд этилганидек, бугунги кунда 11 та ипак қурти уруғчилиги корхоналарида маҳаллийлаштириш эвазига уруғи импортини босқичма-босқич қисқартириш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
2021 йилда республикамиз бўйлаб 401 минг 261 қути ипак қурти уруғи парвариш қилиниб, 22 минг 470 тонна пилла хомашёси етиштириш мақсад қилинган. Бунинг учун барча шароит яратилди.
Пиллакорларимиз томондан баҳорги I ва II пилла етиштириш мавсумларида фойдаланилиши учун юртимиздаги уруғчилик заводларида 2022 йил учун саноатбоп ипак қурти уруғлари тайёрлаш учун Хитой Халқ Республикасидан 236 минг 524 қути супер элита ипак қурти уруғлари келтирилди. 2021 йилнинг 16 март куни Пекин-Навоий йўналишида махсус чартер рейс орқали ипак қурти уруғлари мамлакатимизга келтирилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам сифатли саноатбоп ипак қурти уруғларини тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда жами 11 та корхона (“Кармана ипак қурти уруғи” МЧЖ, “Huashen Silkworm Pro” МЧЖ, “Соф ипак инвест” МЧЖ, “Andigon Guang Tong” МЧЖ ХК, “Asaka Silk Worm” МЧЖ ва “Urgench Silk Worm Pro” МЧЖ) томонидан Хитой технологияси асосида ипак қурти уруғлари тайёрланмоқда. Маҳаллий уруғчилик корхоналари томонидан такрорий мавсумда парваришлаш учун 21 700 қути, 2021 йил баҳор мавсуми учун 164 151 қути, жорий йилда жами 185 851 қути саноатбоп ипак қурти уруғлари тайёрланди.
Шунингдек, ипак қуртининг маҳаллий зот ва дурагайларини кўпайтириш мақсадида Самарқанд ва Фарғона вилоятларида суперэлита ва элита уруғларини тайёрлайдиган 2 та наслчилик корхоналари ишга туширилиб, 2020 йилнинг ўзида 2,4 минг та дастлабки тухум қуймалари, 196 қути суперэлита ва 1 800 қути элита уруғлари тайёрланди.
Шунингдек матбуот анжуманида қоракўлчиликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида урғу берилди. Таъкидланганидек, қисқа вақт ичида кластер усулида ишлашни жорий этиш натижасида якка тартибдаги чорвадорларни кооперация усулида бирлаштириш ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш туфайли соҳада аниқ натижаларга эришиляпти.
Жумладан, Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан 48 та қоракўлчилик кластери ташкил этилиб, уларга яйлов майдонлари ноль ставкада ижарага берилди. Қоракўлчилик кластерлари 8 129 та хўжалик юритувчи субъект билан кооперация шаклида фаолиятни йўлга қўйди. 2020 йил якуни билан жун ва терини қайта ишлаш, бўрдоқичилик комплексларини ташкил қилиш орқали 23 млрд сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, 1 280 янги иш ўринлари яратилди. Жорий йилда 15 млн долларлик қоракўлчилик маҳсулотларини экспортга йўналтириш режалаштирилган
2021 йилда 175 та инвестицион лойиҳалар доирасида 42,2 млн АҚШ доллари миқдорида инвестицияларни ўзлаштириш, соҳа бўйича жами 145 500 та янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Маълумки, қоракўлчилик соҳасининг озуқа базасининг асосини яйловлар ташкил этади. Йиллар давомида яйловлардан нотўғри фойдаланилиши, озуқа экинларини табиий ва маданий усулда кўпайтиришга илмий асосланган ҳолда ёндашилмаганлиги оқибатида уларнинг катта қисми деградацияга учраган ёки фойдаланишдан чиқиб кетган.
Қўмита тасарруфидаги 17,4 млн гектар яйлов майдонларининг 8,3 млн гектари ёки 48 фоизи турли даражада деградацияга учраган, 1,8 млн гектари ёки 11 фоизи фойдаланишга яроқсиз. Уларни яроқли ҳолга келтириш йўналишида Қўмита томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 9 февраль куни қабул қилинган “Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига ҳам алоҳида аҳамият берилди. Қайд этилганидек, Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2021 йил 1 мартга қадар қоракўлчилик кластерлари томонидан қўй ва эчкиларни бўрдоқига боқиш комплексларини ташкил этиш мақсадида уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш шарти билан озуқалар етиштириш учун ер майдонлари ажратилиши белгиланган. Бугунги кунда Республикамизда 12 885 гектар ер майдонлари чорвачилик кластерларига ажратилди.
Бу асосан оборотдан чиққан ерлар бўлиб, кластерлар уларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилайди, зарур ҳолларда шўрини ювиш ишларини ташкил этади ва озуқабоп экинлар экади. Ҳозир баҳор мавсуми бўлгани боис, бу ишлар авжида.
Шунингдек, Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги томонидан 100 миллиард сўм маблағларни «Туронбанк» АТБга Марказий банк асосий ставкасида ажратилди. «Турон банк» АТБ мазкур бандга асосан ажратиладиган маблағларни Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзоларига 3 йил муддатгача, шу жумладан бир йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасига 2 фоизлик банк маржасини қўшиш орқали ҳисобланадиган ставка бўйича кредит сифатида тақдим этмоқда. Бугунги кунда Республика “Қоракўлчилик” уюшмасига аъзо кластерлар томонидан 175 та (47 222 минг АҚШ доллари) инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 55 та (5 008 минг АҚШ доллари) жунни қабул қилиш ва қайта ишлаш заводи, 39 та (7 913 минг АҚШ доллари) донадор омухта ем ишлаб чиқариш корхонаси, 8 та (5 600 минг АҚШ доллари) терини қайта ишлаш заводи ҳамда 73 та (28 701 минг АҚШ доллари) бўрдоқичилик комплексларини ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун кластерлар томонидан 28 134 минг АҚШ доллари миқдорида банк кредитлари сўралган бўлиб, бугунги кунда Самарқанд вилоятида 1 та кластерга 500 млн сўм ва Навоий вилоятида 3 та кластерга 1 млрд 170 млн сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиб берилган. Кредит сўраб мурожаат қилган бошқа кластерлар билан зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва гаров масаласини ҳал қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бунда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси билан яқин ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Ушбу кредит маблағлари наслчилик қоракўлчилик хўжаликларидан қўйлар харид қилиш; қоракўлчилик соҳасида экспортбоп қоракўл ва қоракўлча терини қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишга йўналтирилади. Шунингдек, бу маблағлар қоракўлчилик субъектлари томонидан озуқа цехлари (гранулятор)ни ташкил этилишини ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари, ресурс тежовчи ускуналар ва замонавий технологиялар харид қилинишини молиялаштириш; сув чиқариш иншоотларини барпо этиш ҳамда мавжудларини таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳаларга сарфланмоқда. Ушбу кредитларни беришда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсациялар ажратилмоқда.
Матбуот анжуманида иштирок этган журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.