Куз — пишиқчилик, йиғим-терим, мўл-кўлчилик мавсуми. Деҳқону боғбонлар бир неча ой давомида қилган меҳнатининг маҳсули, етиштирган ҳосилини йиғиб оладиган палла. Ерга қор инмасидан қишки ҳозирликни кўрадиган муҳим давр.

Ушбу ғанимат кунлардан пиллакорларимиз ҳам унумли фойдаланиб, пилла етиштиришнинг навбатдаги — учинчи ва тўртинчи мавсумига киришган. Бу йил республикамиз бўйлаб пилла етиштиришнинг учинчи мавсумида 41 810 қути ипак қурти уруғлари жонлантириш учун инкубаторияларга қўйилиб, шартнома асосида касаначиларга тарқатиб берилди. Айни пайтда ҳар бир касаначи хонадонида 2-3 нафар киши ипак қурти боқиш ишлари билан машғул. Шу тариқа, жорий йилги учинчи ва тўртинчи пилла етиштириш мавсумида 200 минг нафарга яқин кишининг бандлиги таъминланди.

Аввалги вақтлардаги ҳолатга эътибор қаратидиган бўлсак, 2017 йилга қадар мамлакатимизда бир йилда бир маротаба пилла етиштирилар ва бу жараёнда аҳоли бор йўғи 35-40 кун давомида банд бўлар эди. Бугунги кунда эса пилла етиштирувчи касаначилар соҳада 7 ой давомида узлуксиз меҳнат қилиб, даромад топмоқда.

— Ҳақиқатан, мамлакатимизда 2017 йилга қадар такрорий пилла етиштириш йўлга қўйилмаган, — деди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқарув раиси Баҳром Шарипов. — Аниқроғи, Ўзбекистонда иқлим шароити такрорий пилла етиштириш учун мос, деб ҳисобланмаган. Боиси, ўзгарувчан об-ҳаво шароити (ўта иссиқ ёки совуқ ҳаво ҳарорати)да етиштирилган пилланинг сифат кўрсаткичи паст бўлиши натижасида пиллани қайта ишлаш, яъни, ипак толаси ишлаб чиқариш учун харажатлар кескин ортиб кетар эди. 2017 йилда Президент қарори билан “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг ташкил этилиши ипакчилик ва пиллачилик тизимида янгича ёндашувлар, жаҳон талабларига мос ислоҳотларни амалга оширишга замин яратди. Пировардида, мутасаддилар томонидан хориж тажрибасини ўрганиб, чуқур таҳлил қилган ҳолда юртимизда бир йилда 4 маротаба пилла етиштириш йўлга қўйилди.

Таққослаш учун, диёримизда 2019 йилги кузги мавсумда 19 100 қути ипак қурти парваришланган бўлса, 2020 йилда 21 700 қути ипак қурти боқилди. Жорий йилда бу кўрсаткич деярли 4 баробарга оширилмоқда — пилла етиштиришнинг учинчи ва тўртинчи мавсумларида 80 минг қутидан ортиқ ипак қурти уруғларини парваришлаш кўзда тутилган. Айни пайтда республикамизда 76 та ипакчилик кластери мавжуд бўлиб, улар томонидан ўзларига бириктирилган ҳудудлардаги касаничаларга шартнома асосида ипак қурти уруғлари тарқатилди. Жорий йилги мавсумда етиштирилган 1 килограмм пилла ҳосили учун 22 400 сўмдан 30 минг сўмгача иш ҳақи тўлаб берилиши келишиб олинган.

Бугунги кунда мамлакатимизда нафақат ипак толаси, балки жаҳон бозорида ўта харидоргир бўлган ипак момиғини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди. Шу боис, учинчи ва тўртинчи мавсумларда етиштирилган пилла хомашёсининг асосий қисмини ипак момиғи ишлаб чиқаришга йўналтириш кўзда тутилган.

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида пиллани қайта ишлаш ва ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Nurli tong silk” МЧЖ ҳам корхонада тайёрланган 1064 қути ипак қурти уруғларини кузги мавсум учун шартнома асосида касаначиларга тарқатди. Жараёнга 1064 нафар аҳоли жалб қилиниб, уларнинг бандлиги таъминланди. Корхона мавсум сўнгида касаничилардан 42,6 тонна тирик пилла қабул қилиб олишни режалаштирган.

2002 йилда ташкил этилиб, 2017 йилда кластер тарзида фаолиятини давом эттираётган мазкур ипакчилик фабрикасида ипак қурти уруғини тайёрлашдан тортиб, пилла етиштириш, пиллани қайта ишлаш, ипак толаси, ипак момиғи, шунингдек, тайёр маҳсулотлар — ипакли гилам ва матолар ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган. Бу ерда йилига 300 тоннага яқин қуруқ пилла қайта ишланиб, 100 тоннага яқин ипак толаси тайёрланади. Жорий йилда миллий матоларимиздан тикилган аёллар либослари илк бор Хитой давлатига экспорт қилинди. Йил якунига қадар корхонада тайёрланадиган 3 миллион долларлик маҳсулотни хориж бозорига чиқариш кутилмоқда.

— Корхона 2021 йилда тўлиқ модернизация қилиниши ҳисобига иш ҳажми янада ортди, — дейди “Nurli tong silk” МЧЖ директори Мақсуджон Қосимов. — Бу ерда Хитойдан келтирилган сўнгги русумдаги, замонавий ипак йигириш дастгоҳлари ўрнатилган бўлиб, улар эски ускуналарга нисбатан бир неча баробар кам ишчи кучи талаб қилиш баробарида, жаҳон стандартлари талабига мос, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Фабрикада ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, умумий ҳисобда 150 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг асосий қисмини аёллар, кам таъминланган хотин-қизлар ташкил этади. Пилла мавсумида эса қўшимча 10 мингдан зиёд аҳоли иш билан таъминланади. Уларнинг орасида Фурқат туманида яшовчи Боратали Нишонов, Риштон туманидаги Зийнатхон Бадалова каби касаначиларимиз энг кўп пилла етиштириш бўйича бошқаларга намуна бўлиб келмоқда.

Қўшимча даромад манбаи

Хонадонларда ипак қурти боқиб, пилла етиштириш азалдан халқимизнинг асосий меҳнат машғулоти, даромад манбаидан бири бўлиб келган. Тарихий манбаларда ипак қурти етиштириш ва ипакни йигириш амалияёти бундан 4000 йил олдин Ўзбекистоннинг жанубида, шунингдек, Зарафшон дарёси бўйларида ривож топганлигига доир маълумотлар мавжуд. Ҳозирги кунда юртимиз пилла етиштириш ва ипак толаси ишлаб чиқариш бўйича дунёда Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради.

Бугун ота-боболаридан қолган ана шу анъанани иштиёқ билан давом эттирувчилар сони ортиб бораётгани бежиз эмас. Боиси, сўнгги йилларда юртимизда ипакчилик ва пиллачилик тармоғини ривожлантиришга эътибор ортиб, соҳада илғор технологияларни қўллаш кенгайиб бормоқда. Натижада тармоқда аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда сифатли пилла етиштириш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб боряпти.

Айни мавсумда ҳам ҳудудларда иш ана шундай иштиёқ билан қизғин давом этмоқда. Хусусан, Андижон вилоятида 7 минг қути, Самарқанд вилоятида 5 190 қути, Бухоро вилоятида 4 200 қути, Фарғона вилоятида 3 730 қути, Наманган вилоятида 3 360 қути, Сурхондарё вилоятида 3 060 қути, Навоий вилоятида 1 700 қути ипак қурти уруғи жонлантирилиб, минглаб пиллакорлар томонидан парваришланмоқда.

Ҳозирда Андижон вилоятида етиштирилган пилла ҳосилини йиғиб олиш ишлари ҳам бошланган. Жараёнда меҳнат қилган 20 мингдан ортиқ пиллакорлар ушбу мавсумда ҳар бир қути уруғидан ўртача 40 килограмм пилла ҳосили териб олмоқда. Ипак қурти парваришида жонбозлик билан меҳнат қилаётган касаначиларга махсус эсдалик совғалари ҳам топшириляпти.

Вилоятлик касаначилардан Олтинхон Ҳамдамова учинчи мавсумда ўзи бириктирилган “Ҳарир тола” ипакчилик кластерига 82 килограмм пилла топширди. Бу ишда унга одатдагидек турмуш ўртоғи, келин, набиралари кўмаклашди.

— Отам раҳматли “Мендан кейин хор бўлмайсан” деб, мени олий ўқув юртида ўқитганлар, — эслайди онахон. — 33 йил мактабда ўқитувчи бўлиб ишладим. Ҳозир нафақадаман. Болалигим, умуман, ҳаётим меҳнатда ўтгани учунми, бўш ўтира олмайман. Пиллачилик мен учун қўшимча машғулот, даромад манбаи. Қийинчиликлари ҳам йўқ эмас, аммо осон ишнинг ўзи бўлмайди, ҳамма нарса меҳнат билан унади.

Онахон болалигидан ипак қурти боқишнинг ҳадисини олган, бу борада яхшигина тажрибага эга. Аёлнинг айтишича, ипак қурти боқишда хона ҳавосини тез-тез алмаштириб туриш, иссиқ вақтларда пиллахонанинг димланиб қолмаслигига эътибор бериш лозим.

Оиланинг 1 гектарга яқин майдонда тутзори бор. Шундан фойдаланиб, Олтинхон ая ҳар йили бир неча бор ипак қурти боқади. Баҳорда 330-350 килограмм пилла топширади. Унинг айтишича, кузда новдалар бошидаги “сувли” тут барглари териб олинади ва ана шулар ҳисобига пилла қурти боқилади.

Навбатдаги пилла ҳосилини йиғиб олиш ишлари юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бирин-кетин бошланмоқда. 30-40 кун давомида машаққат билан етиштирган пиллани кластерларга топшираётган касаначиларга тарозининг устида посангининг тош босишига қараб, иш ҳақи тўлаб бериляпти.

Мутасаддиларнинг айтишича, сентябрь—октябрь ойларида ҳам ипак қурти парвариши республикамиз бўйлаб давом эттирилади ва тўртинчи мавсум учун яна 40 минг қутидан зиёд ипак қурти уруғлари жонлантирилади.

         Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири