Тўрт йилдан ошдики, мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, соғлиғини сақлаш, таълим-тарбия бериш масалалари кун тартибидан тушгани йўқ. Ҳаётга янги тизимлар жорий этилмоқда. Улардан бири “маҳаллабай” тизимида ишлаш механизми. Мақсад – мамлакатда камбағалликни тугатиш. Бу борада Тошкент вилояти Пискент туманида янги тизим асосида қилинаётган ишлар ҳақида мухбиримизга туман ҳокими Раҳимжон РИХСИЕВ қуйидагиларни гапириб берди:

– “Маҳаллабай” ишлаш учун оилалардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш, аҳоли турмуш ша­роитини яхшилашга қаратилган манзилли ишларни ташкил этиш мақсадида, биринчи навбатда, туман секторлари ва тижорат банклари раҳбар ва ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Улар тумандаги 29 та маҳаллани жойига чиқиб ўрганди, мавжуд имкониятлар ва фойдаланилмаётган захиралар таҳлил қилинди, маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, яъни “ўсиш нуқталари” аниқлаб олинди, – дейди Р.Рихсиев. – “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан юзма-юз суҳбатларда уларни қийнаётган муаммолар, мавжуд камчилик­лар аниқланиб, ечимига эътибор қаратилмоқда.

Аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликдан чиқаришга реал ёндашув­ни жорий қилдик. Масалан, “Ғайрат” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 316 хонадонда 1816 фуқаро истиқомат қилади. Уларнинг 1015 нафари меҳнатга лаёқатли ҳисобланса-да, ишсизлик даражаси юқори. Бу ерда меҳнатга лаё­қатли аҳолининг 757 нафари доимий иш билан банд қилинган, 258 нафари эса вақтинча ишсиз эди. “Маҳаллабай” олиб борилган ишлар натижасида уларнинг 124 нафари ишли бўлди.

Аҳоли бандлигини таъминлашда тез натижа берадиган йўналишларга эътибор қаратяпмиз. Масалан, товуқ, қуён боқиш, сартарошхона, пойабзал таъмирлаш устахонаси, савдо дўкони очиш, иссиқхона қуриш каби тадбиркорлик йўналиши тезда фойда келтиришни бошлайди.

Уйма-уй юриб, одамлар билан суҳбатлашганимизда кўп нарсалар ойдинлашяпти. Кимдир тадбиркорлик қилишни истайди – қўлида ҳунари бор, ҳовлисида жой тайёр, лекин маблағи йўқ. Кимга мурожаат қилишни, қандай йўл тутишни билмасдан бекор юрибди. Улар “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган. Ўрганишларимиз натижасида шундай фуқаролардан 2 нафарига сартарошхона, 3 нафарига пойабзал таъмирлаш устахонаси очишига кўмаклашилди, 2 та савдо дўкони ўз фаолиятини бошлади.

Халқимиз меҳнаткаш, ердан фойдаланиш сирларини яхши билади. Шуни эътиборга олиб, яқинда 11 нафар ёш йигит ва 22 нафар хотин-қизга ер ажратиб бердик. Бугун улар деҳқончиликни бошлаб юборган.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида ишсиз 14 фуқарога 350 миллион сўм миқдорида кредитлар берилди ва улар якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланишни бошлади.

Қолган ишсиз фуқаролар билан ҳам яккама-якка суҳбатлашилди. Пировардида қурилиш соҳасида малакага эга бўлган ҳамда ишлаш истагини билдирган 35 фуқаро қурилиш ташкилотларига бириктирилди, 24 фуқаро имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлигини бошлади. Бундан ташқари, 75 фуқаро имтиёзли кредит сўраган. Уларнинг 45 нафари маҳалладаги 40 гектар майдонда иссиқхона қуриш, 18 нафари тикувчилик, 12 нафари паррандачилик билан шуғулланиш истагини билдирган. Шу кунларда уларга кредит ҳужжатлари расмийлаштирилмоқда.

Албатта, тадбиркор бўлиш учун билим ва тажриба талаб қилинади. Биз шу жиҳатга ҳам эътибор қаратдик. Масалан, имтиёзли кредит асосида паррандачилик билан шуғулланаётган фуқароларга тадбиркор Омина Каримова парранда боқиш сир-асрорларини ўргатмоқда. Шунингдек, бу тадбиркоримиз хонадонларда йиғилган тухумни марказлашган ҳолда сотиб олишни ҳам йўлга қўйган.