Шунга асосан Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида маҳаллий йўналишларда темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди. Унга кўра, жорий йилнинг 18 май кунидан Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро ҳамда Қарши шаҳарларига “Аfrosiyob” юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар ҳамда Фарғона водийсига тезюрар йўловчи поездлар қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилди.

Дастлабки “Afrosiyob” поезди соат 7:00да Тошкент марказий темир йўл вокзалидан Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналишида бўйича қатнови бошланди. Эътиборлиси , поездлар қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши таминланмоқда.

Поездларга чиқишда йўловчилар  санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан  коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси “манфий” эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлишлари керак. Темир йўл вокзаллари ҳудудига кирганда, барча йўловчиларга бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқоплар берилмоқда. Шунингдек,темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ва йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланади.Йўловчилар поезд вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилди.

Поездларга  электрон чипталар онлайн тарзда сотилмоқда. Электрон чипта олиш имконияти бўлмаган йўловчилар, ўрнатилган тартибда дезинфекция ишлари амалга оширилгандан сўнг, темир йўл вокзаллари кассаларидан чипта олишлари мумкин бўлади. Улар томонидан йўловчилар сўровномаси (маршрут варағи) тўлдирилади.

Темир йўл вокзалларининг йўловчилар билан бевосита мулоқотда бўладиган барча ходимлари, давлат органлари ҳамда махсус хизмат ходимлари кундалик фаолияти давомида янги бир марталик 8 соатли ҳимоя ниқоби ва қўлқоплар, шунингдек юз ва кўз қисмини ҳимояловчи махсус шаффоф ниқоб, дезинфекция ва антисептик воситалар билан таъминланди.

Барча ходимларнинг кунлик иш фаолиятини бошлашидан олдин тана ҳарорати текширилмоқда. Шунингдек, ҳар икки ҳафтада коронавирус инфекциясига тест топшириб борилади.

Темир йўл вокзалларининг биринчи ўтказиш пунктилари дезинфектор/тоннеллар билан жиҳозланган бўлиб, уларда темир йўл ходимлари томонидан пирометр ёрдамида йўловчиларнинг тана ҳарорати ўлчанади.

Тана ҳарорати 37 С дан юқори бўлган йўловчилар соғлиқни сақлаш ходимлари назоратига топширилади. Соғлиқни сақлаш ходимларининг хулосасига кўра йўловчига темир йўл хизматларидан фойдаланишига рухсат берилмайди. Бундай ҳолатларда йўловчига чипта пули ўрнатилган тартибда қайтариб берилади.

Ўрнатилган вақтинчалик тартибдан кўзланган асосий мақсад, йўловчиларни, умуман аҳолимизни коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилиш, шунингдек, пандемиянинг кенг тарқалишини олдини олишдан иборатдир.

Рустам ҲАЙДАРОВ