Покистон Ислом Республикасининг Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар Чаудхари бошчилигидаги делегациянинг Бухорога ташрифи давом этмоқда.

Меҳмонлар Арк қўрғони, Исмоил Сомоний мақбараси каби қатор диққатга сазовор масканларда бўлишди. Маҳаллий ҳунармандлар билан учрашиб, уларнинг миллий маҳсулотлари билан яқиндан танишишди.

Делегациянинг навбатдаги ташриф манзили – Пойи Калон мажмуаси ва Бухоро гиламчилик маркази бўлди.

Калон минораси ва масжиди XII ва XVI асрлар оралиғида бунёд этилган. Бу обидалар Мир Араб мадрасаси билан уйғунлашиб, гўзал ансамбл ҳосил қилади. Уларнинг меъморий ечими аждодларимиз маданияти ва санъатининг яққол ифодаси сифатида бугун ҳам барчани ҳайратга солиб келмоқда.

Тарихий ва меъморий обидалар, халқимизнинг миллий ҳунармандлиги покистонлик меҳмонларда катта қизиқиш, ҳайрат ва ҳавас уйғотди.

 Меҳмонлар Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида зардўзлик, заргарлик, гиламдўзлик, каштачилик, кулолчилик маҳсулотлари билан танишмоқда.

Сайилгоҳ кўчаси, Тоқи заргарон мажмуасида ўзида Бухоронинг қадимий ҳунармандлик анъаналарини акс эттирган бозор ва расталар делегатларга кўтаринки кайфият улашгани ҳақида республика “Ҳунарманд” уюшмаси матбуот хизмати хабар бермоқда.