Ушбу тадбир Ахборот вазирлиги ва Панжоб университети томонидан Исломободдаги глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази (ГСТМ) билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.

Тақдимотда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов, Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Покистон Ахборот вазири ўринбосари С.Мубашар, Панжоб университети ректори, профессор Салим Мазҳар, етакчи таҳлил марказлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Тақдимот чоғида Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳақидаги атрофлича маълумотлар тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди. Ўзбек халқининг, айниқса, Бобурийлар даврининг тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар олқишланди.

Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсати нафақат минтақавий ҳамкорлик, балки Марказий ва Жанубий Осиё, энг аввало, Покистон билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитларни яратганига алоҳида эътибор қаратилди.

«PTV World» марказий телеканалининг бош муҳаррири Раза Ханнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президентининг стратегик қарашлари янги минтақавий имкониятларни очиб беради. Унинг фикрича, Ўзбекистон ва Покистон раҳбарларининг Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли қурилишини қўллаб-қувватлаши Марказий ва Жанубий Осиё халқларининг узоқ кутилган орзуси – барқарор ўзаро боғлиқлик ва иқтисодий фаровонликни таъминлаши, шу жумладан, бу орзуни қўшни Афғонистонда ҳам рўёбга чиқаришга имконият яратади.

Ахборот вазирининг ўринбосари C.Мубашарнинг таъкидлашича, Покистонда икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор Покистон ҳукуматининг кўмагида “Янги Ўзбекистон” ички ва ташқи сиёсатининг мазмун-моҳиятини очиб берадиган юксак илмий даражадаги китоб нашр этилган. Бу Покистондаги каби аҳолиси маънавий қадриятлар ва миллий анъаналарга содиқ бўлган ижтимоий йўналтирилган ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

У Покистон жамоатчилигини Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар билан батафсил таништириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари ҳақидаги нашрларни урду тилида чоп этиш амалиётини изчил давом эттиришни таклиф қилди.

“Бу икки қардош халқ ва мамлакат раҳбарларининг аҳоли фаровонлигини юксалтиришга, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга ва хорижий шериклар билан ишончли алоқаларни ривожлантиришга бўлган интилишларини янада чуқур англаш имконини беради”, деди Покистон ахборот вазирлигининг вакили.

Панжоб университети ректори Профессор Салим Мазҳар Ўзбекистон ва Покистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва ташқи сиёсий устуворликлари ўхшаш эканлигини қайд этди.

«Шу боис Покистон ҳукумати, эксперт ва академик доиралари “Янги Ўзбекистон”нинг минтақавий ташаббуслари ва иқтисодий муваффақиятларини ўрганишга, жумладан, икки томонлама ҳамкорликнинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлашга катта қизиқиш билдирмоқда.

Ўзбекистон ва Покистон минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларига айланади, бу келажакда “Катта Осиёда” янги иқтисодий маконни шакллантиришга имкон беради, дея қўшимча қилди Салим Мазҳар.

“Сиёсат ва халқаро муносабатлар мактаби” профессори З. Жаспал Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазирининг сиёсий қарашлари ва ёндошувларидаги ўхшашлик мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг ишончли асосига айланганини алоҳида таъкидлади.

“Олдинда турган Ўзбекистон–Покистон саммити икки томонлама ҳамкорлик, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва Афғонистондаги вазиятни ҳал қилишнинг янги истиқболларини очиб беради”,  деди у.