Покистонда июнь ойи ўрталарида бошланган муссон ёмғирлари ва тошқинлар оқибатида қурбон бўлганларнинг умумий сони 1695 кишига етди, яна 12 865 киши жароҳат олган.
Табиий офатларни бошқариш миллий бошқармаси ҳисоботига кўра, табиий офатда 630 нафар бола ва 340 нафар аёл ҳалок бўлган.
Жанубдаги Синд вилояти энг кўп жабр кўрган. У ерда ҳалок бўлганлар сони 759 кишига етди. Жануби-ғарбий Балужистон ва шимоли-ғарбидаги Хайбер-Пахтунхвада мос равишда 336 ва 307 киши ҳалок бўлди.
“Бундан ташқари, Покистоннинг турли минтақаларида 2 045 349 та уй вайрон бўлган, 1 162 122 бош чорва моллари нобуд бўлган”, дейилади хабарда.
84 округ ва 33 046 329 киши тошқиндан жабр кўрди. Ёмғирлар мавсуми бошланганидан бери 13 минг километрдан ортиқ йўл ва 440 кўприк шикастланган.