Покистоннинг йирик енгил саноат компанияси “All Pakistan Textile Mills Association” (APTMA) фабрикалар тармоғи бир неча йилдирки, мамлакатимизда Наманган вилоятидаги тадбиркорлик субъектлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Эндиликда покистонлик сармоядорлар Бухоро вилоятида ҳам табиий тоза пахта толасидан йигирилган пишиқ ва пухта матодан кийим-кечак тикиб тайёрлаш лойиҳалари ташаббуси билан чиқди, дкб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Покистон Ислом Республикасининг “All Pakistan Textile Mills Association” (APTMA) фабрикалар тармоғи ишбилармонлар делегациясини қабул қилди. Музокарада ”Ejaz Tekstil Mills Limited” компанияси ижрочи директори Гоухар Эжаз бошчилигидаги инвесторларга вилоятнинг айни кунда енгил саноат соҳасидаги салоҳияти ҳақида маълумот берилди. Жумладан, мазкур мамлакат билан товар айланмаси кейинги бир йилда 1,3 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлиб, яқин йилда бу кўрсаткични 3 миллион АҚШ долларига етказиш чора-тадбири белгиланган. Дунёда ўз брендини яратган покистонлик енгил саноат гигантлари билан яқин ҳамкорлик қилиш асосий хом ашё таъминотида муаммо бўлмаган вилоятимизда енгил саноат фабрикалари тармоғига асос солиш имконини беради. Бу жараёнда албатта, “хом ашёдан тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида йирик лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий дизайн ва андозада тикиб тайёрланадиган кийим-кечак ва бошқа маҳсулотни чет элга экспорт қилиш катта фойда демакдир.
Музокарада аниқ конструктив таклифлар ўртага ташланди. Покистонлик сармоядорлар томони, яъни “Sarena Tekstil Industriyes PVT Ltd” корхонаси раҳбари Ҳамид Замон, ”Kuhinur Tekstil Industriyes” корхонаси раҳбари Исмаил Фаяз, қолаверса, “All Pakistan Textile Mills Association” (APTMA) Ассоциацияси раиси Адил Башир, мазкур компания Ижрочи директори Шахид Мунир Саттар вилоятимизда умумий қиймати 500 миллиоан АҚШ доларига тенг қийматдаги йирик тўқимачилик ишлаб чиқариш корхонасига асос солиш ниятида эканликларини билдиришди.
Мазкур лойиҳа туфайли ҳудудимизда 10 минг ишчи ўрнига эга, ип йигириш, толани қайта ишлаб мато кўринишига келтириш, уни бўяш ва пишиқ матодан буюртма асосида харидорбоп кийим-кечак ва бошқа маҳсулот тикиб тайёрланадиган катта фабрика бунёд этилади. Албатта, вилоятимиз мутасаддилари бу истиқболли лойиҳани қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Музокара якунида томонлар ўртасида икки томонлама тенг манфаатли келишув тўғрисидаги Меморандум имзоланадиган бўлди.