— Автоавариялар таҳлили ўтган йили ҳар бешинчи йўл-транспорт ҳодисаси йўлларда муносиб инфратузилма ва хавфсиз ҳаракатланиш учун зарур шароитлар яратилмагани сабабли содир этилганини кўрсатмоқда. Мазкур йўналишдаги ўрганишлар бугунги кунда бир қатор муаммолар мавжудлигидан далолат беради.

Хусусан, 2248 километр йўлларда қарама-қарши йўналишларни ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмаган. 3571 километр пиёдалар йўлаги, 2337 километр велойўлак ташкил этилмаган, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларидан 2731 таси ёритилмаган. Шунингдек, 1835 та жойда шовқин чизиқларини чизиш, 2904 та жойда сунъий нотекисликлар яратиш, 750 та светофор ўрнатиш зарурати мавжуд.

Бугун йўлларда 200 мингта йўл белгиси етишмайди, мавжуд 105 мингдан зиёди эса замонавий турдаги йўл белгиларига алмаштирилмаган. Маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги йўл ҳаракатини ташкил этиш, махсус ўрнатиш ва фойдаланиш бўлинмалари мавжуд эҳтиёжнинг атиги 50 фоизини таъминлаб бермоқда. Хусусан, 2019-2021 йилларда республика бўйича ўрнатилиши лозим бўлган 610 мингта йўл белгисидан 304 минг 775 таси талабга жавоб беради, холос. Бундан ташқари, аҳоли гавжум жойларда 25 та ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш жойини қуришга зарурат бор.

Шунингдек, вазир келгусида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларидаги йўл белгилари ва йўл чизиқлари ёруғлик қайтарувчи, яхши кўринадиган материаллардан тайёрланиши, уларнинг тунги пайтда ёритиш ва кўриниш даражаси яхшиланиши ҳақида ҳам айтиб ўтган.

Таъкидланишича, бунда жойларга ҳайдовчилар томонидан пиёдаларга йўл бермаслик бўйича қоидабузарликларни қайд этувчи махсус видеокамералар ўрнатилади. Тартибга солинмаган ҳамда хавфли йўлни кесиб ўтиш жойларида пиёдалар томонидан бошқариладиган светофорлар ўрнатиш чоралари кўрилади.

Интервью матни билан қуйидаги ҳавола орқали тўлиқ танишишингиз мумкин: https://yuz.uz/news/xavfsiz-yol--osoyishta-kun-va-yangi-goyalar-muqaddimasi---