Сўнгги йилларда Миграция агентлиги томонидан фуқароларни хорижий давлатларга ишлаш учун юбориш бўйича кўрилаётган чоралар натижасида ватандошларимиз меҳнат фаолияти олиб боришлари мумкин бўлган мамлакатлар сони тобора ортиб бормоқда.

Шунингдек, ушбу йўналишда тегишли лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари ҳам хизмат кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, фуқароларни хорижга ишга юборишни ваъда қилиб, уларнинг ишончини суиистеъмол қилиш орқали пул маблағларини ўзлаштирмоқчи бўлаётганлар ҳам йўқ эмас.

Жумладан, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ана шундай ноқонуний ҳолат фош этилди.

Хусусан, Наманган шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, у ва унинг 3 нафар танишини Польша Республикасига мавсумий ишлашга ноқонуний равишда юбориш эвазига 10,4 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 4,4 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.