Жаҳон чемпионатида эркаклар ва аёллардан иборат терма жамоамиз муносиб иштирок этди. Таъкидлаш керак, полвонларимизни ушбу мусобақага таниқли мураббий Аъзамжон Шокиржонов тайёрлади.
Қувонарлиси, дунёнинг 35та давлатидан йиғилган энг сара спортчилар орасида полвонларимиз 3та олтин ҳамда 5тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишган ҳолда умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни қўлга киритди.
Белбоғли курашнинг эркин йўналишида ўтган беллашувларда полвонларимиздан 57 кггача бўлган вазн тоифасида наманганлик Ойбекжон Ҳамидов, -68 кг.да андижонлик Ойбек Султонов ҳамда қизларда -52 кг. вазнда Фарангиз Абдунабиева (Сирдарё) олтин медалга сазовор бўлишди.
Шунингдек, жаҳон чемпионатида -82 кгда Ҳусниддин Рўзиев (Андижон), -100 кгда Аъзамжон Анваржонов (Андижон), +100 кгда Шерзод Раҳимов (Фарғона), -58 кгда Манзураой Мўйдинова (Фарғона) кумуш медалларга эга чиқишган бўлишса, -62 кгда Муроджон Раҳимов (Хоразм), -52 кгда Мадина Акрамова (Андижон), -66 кгда Земфира Азатова (Қорақалпоғистон Республикаси) ҳамда +76 кгда Анифе Куртсеитова (Андижон)лар 3-ўринни банд этиб, бронза медали билан тақдирланишди.
Белбоғли курашнинг классик йўналишида полвонларимиздан -62 кг вазн тоифасида андижонлик Ҳусанбой Носиров (Андижон) 3-ўринни эгаллаган бўлса, +100 кгда номдор полвонимиз Зайлобиддин Ортиқов кумуш медаль эгасига айланди.
Жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этган белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бугун эрта тонгда Тошкентга қайтиб келишди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорларини спортчиларнинг оила аъзолари, устоз-мураббийлари, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси вакилларидан иборат кенг спорт жамоатчилиги муносиб кутиб олишди.