Жаҳон чемпионатида олти жиззахлик, бир хоразмлик полвондан иборат терма жамоамиз аъзолари ҳам ватанимиз шарафини ҳимоя қилди.

Таъкидлаш жоиз, 2021 йил ноябрь ойида Жиззах шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионати доирасида Татаристон Республикаси спорт вазири ўринбосари Халил Шайхутдинов ҳамда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганди. Шу меморандумга мувофиқ Татаристон Республикаси спорт вазири Владимир Леонов ва Халқаро белбоғли кураш федерацияси таклифига кўра, Жиззах вилояти ҳокимлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прократураси, хусусан, Жиззах вилояти прокурори, вилоят кураш федерацияси раиси Исломжон Эргашходжаев саъй-ҳаракатлари билан спорт делегациямиз ушбу жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этди.

Шунингдек, жаҳон чемпионатида Осиё белбоғли кураш конфедрацияси раиси Мўминхўжа Муратов, Ўзбекистон Республикаси Бош прократураси ходими Сарвар Эркинов ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров ҳам иштирок этиб, белбоғли курашни янада оммалаштириш хусусида музокаралар ўтказди. Белбоғли кураш бўйича Хоразм вилояти бош мураббийи, халқаро тоифадаги ҳакам Бекберган Болтаев эса ҳакамлар гуруҳида чемпионатни баҳолаб борди.

Қувонарлиси, ушбу жаҳон чемпионатида 20 га яқин давлатдан йиғилган энг сара спортчилар ўртасидаги беллашувларда Усмон Маҳаматов мураббийлигидаги полвонларимиздан 60 кг. вазн тоифасида Асадбек Маматалиев кумуш, 65 кг. вазн тоифасида Муҳаммадрасул Муҳаммаджонов бронза, 70 кг. вазн тоифасида Азимжон Акбаров кумуш, 75 кг. вазн тоифасида Сардор Жумабоев кумуш, 80 кг. вазн тоифасида Зиёдулла Валижонов бронза 90 кг. вазн тоифасида Жаҳонгир Жумабоев кумуш медаль ва 100 кг. вазн тоифасида  Марат Шахмаев кумуш медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида  фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

Қозон шаҳри мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасида от устида  ва қумда кураш бўйича ҳам беллашувлар ташкил этилди.

Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади