Миришкор туманининг Помуқ шаҳарчаси нафақат туман, вилоят, балки мамлакатимизнинг энг чекка ва узоқ ҳудудларидан бири саналади. Қишлоқдан туман марказига бориш учун ҳам нақд 60 чақирим масофани босиб ўтиб лозим.

Помуқликларнинг асосий муаммоларидан бири ҳам иш юзасидан тез-тез туман марказига бориб келиш эди. Мисол учун, кимдир фарзандига гувоҳнома олиши керак, биров тадбиркорлик бошлаш учун рўйхатдан ўтиш ҳаракатида. Яна кимгадир эса бошқа бир ҳужжат керак. Буларнинг ҳеч бирини туман марказига бормасдан ҳал этиб бўлмайди. Йўл эса кўп вақт ва харажат талаб этади.

Шуни инобатга олган ҳолда, ўтган йили шаҳарчада туман Давлат хизматлари марказининг Помуқ филиали ташкил этилиши шаҳарча таркибидаги олтита маҳаллада истиқомат қилаётган қарийб 20 минг аҳолининг ҳақиқий қувончига сабаб бўлган эди.

Айни пайтда филиал томонидан ҳафтанинг икки куни шаҳарча аҳлига давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Фуқаролар эса бундан мамнунлигини яширмаяпти.

–  Мен тадбиркор сифатида давлат хизматларидан тез-тез фойдаланаман, – дейди Помуқ шаҳарчаси Янги қишлоқ маҳалласида истиқомат қилаётган Қундузой Аҳмедова. – Авваллари ҳар бир иш учун туман марказига бориб келардик. Ҳозир кўпгина ҳужжат ишлари шу ернинг ўзида ҳал бўляпти. Давлат хизматлари маркази биз учун катта қулайлик яратмоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, Миришкор туман давлат хизматлари марказининг Помуқ филиали ўтган 2021 йилда ташкил этилган бўлиб, шу қисқа вақт ичида бу ерда аҳолига 120 дан ошиқ давлат хизматлари кўрсатилди.