Айниқса, ёшларга мотивация бериш ҳамда уларга таъсирчан механизмлар орқали психологик ёрдам кўрсатиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳри ҳудудий кенгаши томонидан ёшларнинг мустақил онгли касб танлаши ва ўзининг шахсий касбий режаларини шакллантиришига психологик ва педагогик кўмаклашишга бағишланган “Янги Ўзбекистон ёшлари – янги Ренессанс драйверлари” мавзусида анжуман ташкил этилди.

Анжуман доирасида 2021–2025 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва йўл харитаси тасдиқланди.

Ушбу ҳамкорлик меморандуми доирасида шахснинг маънавий камол топишида психологик ва педагогик қўллаб-қувватлаш, пойтахт ёшларига таъсирчан механизмлар орқали психологик кўмак бериш, ёшларнинг мустақил онгли касб танлаши ва ўзининг шахсий касбий режаларини шакллантиришга шароитларни яратишга психологик ва педагогик кўмаклашиш бўйича ҳамкорлик режалари тузилди.

Анжуман доирасида Тошкент шаҳридаги Ёшлар марказида “Психологик тренинг маркази” фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Мазкур марказ пойтахт ёшлари учун бепул хизмат кўрсатиши белгиланди. Ушбу марказнинг асосий вазифаси Талабалар шаҳарчаси ҳудудида жойлашган талабалар тураржойлари, олий ва умумтаълим муассасалари ёшларига психологик хизмат кўрсатишга кўмаклашиш ва уларнинг шахсий ҳаётларида дуч келадиган турли салбий холатларда психологлар ва педагогларнинг таъсир доирасини кенгайтиришдан иборат.