Суднинг буйруғига асосан қарздор Ш.Ж. дан ундирувчи Ш.Д фойдасига вояга етмаган 4 нафар фарзандлари таъминоти учун ½ қисми миқдорида алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Учтепа туман бўлимига келиб тушган бўлиб, Қонунининг 23-моддасига асосан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. 

Шунингдек, қарздорнинг номига расмийлаштирилган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида ваколатли органларга сўровномалар юборилган ҳамда олинган жавоб хатларга кўра, қарздорнинг номига расмийлаштирилган мол-мулклари аниқланмаган.

Ўтказилган ижро ҳаракатлар давомида, қарздор Ш.Ж вояга етмаган 4 нафар фарзандлари таъминоти учун то улар вояга етгунига қадар олдиндан алимент миқдорини ҳисоблаб беришликни сўраб ариза билан мурожаат қилган.

Шунга кўра, алимент миқдори қарздорнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 50 фоизи миқдорида 2025 йил 01 август ойидан 01.04.2041 йилига қадар (16 йиллик) ҳисобланганда жами 2.442.482.580 сўм алимент миқдорида вужудга келган.

Олиб борилган ижро ҳаракатлар давомида, қарздор Ш.Ж томонидан жами 2.442.482.580 сўм миқдорида алимент пулларини уй кўринишида ундирувчи Ш.Д. га тўлаб берилди ҳамда ундирувчининг розилигига асосан ижро ҳужжати амалда тамомланди.