Юртимизда электромобилларга бўлган талаб ҳам, қизиқиш ҳам тобора ортиб боряпти. Атроф-муҳит учун мутлақо зарарсиз бўлган бу турдаги транспорт воситалари камхаржлиги билан ҳам қатор афзалликларга эга. Жорий йилнинг 1 февраль куни пойтахтимизга ана шундай экологик тоза, ҳар томонлама қулай ва замонавий электробуслар олиб келинди. “ZK6126BEVG” русумли 20 та электробуснинг бир қисмини “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг 8-филиали қабул қилиб олди.

Албатта, электробуснинг ўзига хос имкониятлари билан танишиш мақсадида биз ҳам автосаройга йўл олдик. Йўналиши белгиланган жамоат транспортида аллақачон, 51-сонли “Юнусобод 6 мавзе — Бешёғоч даҳаси” ҳамда 81-сонли “Қўйлиқ 1 мавзеси — Гулобод кўчаси” манзиллари кўрсатилган.

Деярли шовқинсиз ҳаракатланаётган транспортнинг замонавий ташқи ва ички дизайни одатий автобуслардан фарқ қилади. 32 ўриндиқли электробуснинг йўловчиларни ташиш умумий ҳажми 85 кишидан иборат. Поли паст, зинапоялар ва подиумнинг йўқлиги туфайли йўловчилар (шу жумладан, пенционерлар, аравачаларда ҳаракатланувчи йўловчилар, алоҳида эҳтиёжли кишилар) салон бўйича эркин ҳаракатлана олади. Имконияти чекланганлар учун ажратилган махсус ўриндиқлар эса алоҳида ранг ва белгилар билан ажратилган. Ногиронлар чиқиши учун зарур кўтаргичлар ҳам бор. Ички салон видеокузатув камераси, автоматик ҳаво намлигини сақлаш ва иситиш тизими билан жиҳозланган.

— Электробуслар Хитой давлатининг “Yutong Bus со., Ltd” компаниясида ишлаб чиқарилган, — дейди 8-автосарой раҳбари Бекзод Ибрагимов. — Бу юртимизга келтирилган илк электробуслар эмас. Бундан олдин Белорусь, Хитойнинг бир нечта компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган электр қувватида ишлайдиган автобусларни синовдан ўтказдик. Маршутлар кесимида юргазиб, бир неча ой давомида текширдик. Жараёнда уларнинг айримларида шовқини баландлиги, қуввати белгиланган масофага етмаслиги, ўриндиқлари пластмассадан ишлангани аниқланиб, бу камчиликлар бизга маъқул келмади. Сўнгги хулосаларга кўра, ҳозирги “ZK6126BEVG” русумли электробуслар танланиб, компания билан шартнома имзоланди. Юқоридаги жиҳатлар борасида бу вариант анча афзалликларга эга.

Электробуслар 4 соат давомида оладиган тўлиқ қуввати билан 300-320 километр масофани босиб ўтади. Яъни, олинган қувват эрталабдан кечгача етади. Заряд 12 фоиз қолганида, автобус автоматик тарзда юришдан тўхтайди — шу орқали қувватлантириш зарурлигини билдиради. Унинг аниқ кўрсаткичлари ва бошқа барча маълумотлар эса сенсорли экранда кўриниб туради. Асосийси, электробуслар ҳаракатланиш давомида экологияга мутлақо зарар етказмайди.

Айни вақтда бу энг муҳим кўрсаткичлардан бири. Ахир, автотранспортларнинг атмосфера ҳавосига чиқараётган ифлослантирувчи моддалари ҳажми ошиб бориши транспорт воситаларининг экологик даражаси, фойдаланилаётган ёқилғи ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Дунё ҳамжамияти инсоният учун “яшил макон” яратиш ҳаракатига тушган. Мамлакатлар тобора ифлосланиб бораётган атроф-муҳит, зарарли моддаларга тўлган экологияни асраб қолиш, глобал ўзгаришларнинг салбий оқибатларини камайтириш, азон қатламини ғуборлардан тозалаш йўлларини излаяпти. Соҳа фидойилари, олимлар, умуман, ҳар бир давлат ер юзида яшаётган инсониятнинг тоза ҳаводан нафас олиши тарафдори.

Шундай мураккаб шароитда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ва “яшил” энергетикага ўтиш энг мақбул ечимлардан бирига айланди. Айниқса, атмосферага энг кўп зарар етказадиган автотранспорт воситаларини электрон ҳаракатланиш тизимига ўтказиш жадаллашиб боряпти. Юртимизда ҳам бу масалага эътибор ошган. 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш Концепциясига мувофиқ, давлатимиз ижтимоий транспортининг камида 50 фоизи ҳавога зарарли моддалар чиқаришни камайтириш учун муқобил ёқилғи турларига ўтиши белгиланган.

Хўш, мамлакатимизда барча транспорт воситалари электр энергиясида ҳаракатланса, ҳаводаги карбонад ангидрид миқдори қанчага камаяди? Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари бу борада таҳлил ўтказди. Унга кўра, 2020 йилда ёнилғида ҳаракатланувчи автотранспортларнинг CO2 эмиссияси 7,69 миллион тоннани ташкил қилган. Мазкур транспорт воситалари электр энергияси орқали ҳаракатланганида, CO2 эмиссияси 7,69 эмас, 4,99 миллион тонна бўлиши аниқланди. Демак, электромобиллардан фойдаланиш заҳарли газлар чиқишини 2,7 миллион тоннага камайтиради. Таққослайдиган бўлсак, шунча миқдордаги CO2 зарарини қоплаш учун 108 миллионта йирик дарахт талаб этилади.

Яқин кунларда шаҳримиз кўчаларида ҳаракатланадиган электробуслар ҳам экологик тозаликни асрашга хизмат қилади. Айтгандек, янги автобусларнинг нафақат экология ва иқтисодиётга, балки ҳайдовчилар саломатлигига ҳам фойдали томонлари бор экан.

— 21 йилдан буён автобус ҳайдайман, — дейди 8-автосарой ҳайдовчиси Дониёр Зияев. — Бир кунда 14-15 соат рулда ўтирамиз. Бу кўпинча умуртқа чурраси касалликларига сабаб бўлади. Электробусларга ўрнатилган ортопедик ўриндиқлар эса бу муаммоларнинг олдини олади. Ўриндиқлар тагидаги иситиш тизимлари қишда оёқлар совқотмаслигига хизмат қилади. Бундан ташқари, автобусдаги автоматик бошқариш функциялари биз ҳайдовчиларга кўплаб қулайликлар яратади. Синов жараёнларида 3 ой электробусни бошқариб, бунга амин бўлдим. Масалан, махсус датчиклар ҳисобига автобус олдидан машина чиқиб қолиб, авария ҳолати юзага келса, транспорт автоматик тарзда тўхтайди. Йўл чизиқларидан чиқиб кетса ҳам автобус овоз орқали сигнал беради.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан жорий йилда бошқа турдаги автобусларни ҳам янгилаш кўзда тутилган. Жараёнда харид қилинадиган автобусларнинг замонавий бўлиши, сиқилган табиий газ ва/ёки электр қувватида ишлайдиган двигателлар билан жиҳозлангани, ногиронлиги бўлган шахсларни ташишга мўлжаллангани (аппарелнинг мавжудлиги), кондиционер, автобус салонида бекатлар ва йўналишларни кўрсатиб турувчи ёзма ва овозли эълон қилиб борадиган электрон таблолар, автомат узатиш қутиси, хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув камералари, йўлкира ҳақини автоматлаштирилган тўлов тизими ёрдамида амалга ошириш учун валидаторлар ва бошқа қулайликлар билан жиҳозланганига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Асосий мақсад юртдошларимизнинг сифатли ва хавфсиз жамоат транспортига бўлган талабини қондиришдан иборат.

Куни кеча олиб келинган электробуслар эса тез кунларда белгиланган йўналишларда қатнай бошлайди.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири