— Бугунги кунда дунёнинг қатор мамлакатлари, хусусан, қўшни республикаларда коронавирус, полиомиелит, қизамиқ/қизилча бўйича эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда. Бу борада юртимизда қандай профилактик чора-тадбирлар кўриляпти?

— Йил якунига қадар хавф гуруҳига мансуб аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёнини изчил давом эттирамиз, — дейди Н. АТАБЕКОВ. — Уларнинг  80 фоизигача қисмини қамраб олишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бунинг учун етарли миқдорда вакциналар захираси яратилади.

Юқорида номи келтирилган касалликларга келсак, улар бўйича ҳам профиликтик чора-тадбирлар кучайтирилади. Хусусан, 2022 йилда 1 ёшдаги болаларни полиомиелитга ва 5 ёшгача бўлган ўғил-қизларни қизамиқ/қизилчага қарши оммавий эмлаш тадбирлари ўтказилади.

Шунингдек, 2022 йилда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан хавф ости гуруҳига мансуб 2 миллион нафар аҳоли вакили (махсус болалар интернатлари тарбияланувчилари, "Саховат" уйларида яшовчилар, мактабгача таълим муассасалари вакиллари, ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари) гриппга қарши эмланади.

— Ҳозирги кунда биргина Тошкент шаҳрида сурункали вирусли гепатит С билан касалланган 350 минг нафардан зиёд беморлар диспансер рўйхатда турар экан. Бу хасталик аҳоли ўртасида кенг тарқалмаслиги учун нималар кўзда тутилган?

— Дунё тажрибасидан келиб чиқиб айтсак, ҳозирги кунда бундай беморларни тўлиқ даволаш имконияти бор. Ушбу масалани бугун ҳал этмасак, касалланганлар орасида жигар циррози ва раки каби оғир асоратлар ривожланиши эҳтимоли мавжуд. Жигар трансплантацияси тиббиётимиз амалиётида яқин йиллардан бери қўлланилаётганини эътиборга олсак, мазкур муолажага муҳтож аҳоли сонининг ортиб кетиши қўшимча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. 

Шундай экан, ана шу масала бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, 2022-2023 йилларда дастлабки босқичда Тошкент шаҳрида, 2025 йилга қадар республиканинг бошқа ҳудудларида амалий ҳаракатлар олиб борилиши режалаштирилган.

Пойтахтимиздаги хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатлами орасида (тиббиёт ходимлари, донорлар, хомиладорлар, никоҳланувчилар) скрининг ва инструментал текширувлар ўтказилади. Сўнг сурункали вирусли гепатит С билан касалланган беморлар сони аниқланиб, уларни соғломлаштиришнинг муддати ҳамда босқичлари белгиланади.

Ушбу тадбирларнинг мақсадли ўтказилиши натижасида беморлар соғлом ҳаётга қайтиб, оғир асоратларнинг олди олинади.