Бино қурилишида, замонавий шаҳарсозлик нормаларига мувофиқлик ва фуқаролар учун энг қулай шароитларни яратишга алоҳида эътибор берилди. Мурожаатчиларга бир вақтнинг ўзида 184 дан ортиқ турдаги хизматларни кўрсатиш имкони яратилди. Бу ерда электрон навбат тизими, ахборот киоскаси, электрон хизматлардан мустақил фойдаланиш ва саломатлик бурчаклари, болалар майдончаси ҳамда мини-кутубхона ташкил қилинган. Ташриф буюрувчилар хизматлардан мустақил фойдаланишлари шунингдек, турли имкониятлардан хабардор бўлишлари учун ахборот стендлари ва постерлар қўйилган.
Ушбу Марказ тумандаги 116 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатиш билан бирга, экстерриториал тамойили асосида Тошкент шаҳри ва республикамизнинг барча худудларидан ташриф буюрган фуқароларга ҳам хизмат кўрсатади.
Агентлик хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ва имкон қадар соддалаштириш устида доимий равишда изланиб, бу борадаги ишларини давом эттирмоқда. Марказда электрон навбат тизими билан интеграция қилинган махсус платформа мавжуд бўлиб, унинг ёрдамида мижозлар хизмат кўрсатиш жараёни ва хизмат кўрсатган ходимни баҳолаш мумкин бўлади. Бу эса фуқаролар билан қайта алоқанинг муҳим усулларидан бири сифатида мурожаатчилар учун хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга ёрдам беради.
Янги Марказда Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш бўйича давлат хизмати жорий этилган бўлиб, Тошкент шаҳридаги 11 та туман Давлат хизматлари марказлари томонидан мурожаатчиларга самарали давлат хизмати кўрсатилмоқда.
Шунингдек, ушбу Марказда давлат хизматларидан фойдаланишда бармоқ изи сканерлари тўлиқ жорий этилди. Унинг ёрдамида электрон рақамли имзо калитларини тасдиқлаш билан боғлиқ жараёнлар амалга оширилади.
Ташриф буюрувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, давлат хизматларидан фойдаланишда NFC маҳсус қурилмаси ишга туширилди. Унинг ёрдамида ID картадаги фуқаронинг шахси аниқланади ва тизимда аризачининг маълумотлари автомат тарзда тўлдирилади.
Жисмоний имконияти чекланган, турли сабабларга кўра ногирон бўлиб қолган мурожаатчиларга барча шароитларни яратиш мақсадида ногиронлик аравачаси орқали бинога кириш имконини берувчи пандус ҳамда шахсий эҳтиёжлар учун алоҳида хона шунингдек, “surdo-online” хизматлари мавжуд.
Ҳозирда Тошкент шаҳрида 12 та Давлат хизматлари маркази мавжуд бўлиб, уларнинг олтитаси замонавий жиҳозланган биноларга эга.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими