Туман ҳудудидаги «Grand-Nur» базмгоҳида ижтимоий ҳимоя реестрида турувчи оилалар фарзандлари учун анъанавий «Президент арчаси» байрами бўлиб ўтди.

Байрам тадбирида Тойлоқ тумани ҳокими Беҳзод Раҳматуллаев иштирок этиб, сўзга чиқди. У ўз нутқида барча болажонларни, уларнинг ота-оналари ва яқинларини яқинлашиб келаётган байрам билан самимий табриклаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, бахтли болалик, ўқиш ва ҳаёт йўлларида улкан муваффақиятлар тилади.

Тадбир давомида болажонлар учун байрамона безатилган саҳнада қизиқарли томошалар, мусиқий чиқишлар ва кўнгилочар дастурлар намойиш этилди. Янги йил қаҳрамонлари иштирокидаги чиқишлар болаларга кўтаринки кайфият бағишлаб, байрамнинг янада файзли ўтишига хизмат қилди.

«Президент арчаси» тадбири доирасида болажонларга байрам совғалари топширилиб, уларнинг юзларида қувонч ва табассум намоён бўлди.

Шунингдек, байрамда Самарқанд қўғирчоқ театри жамоасининг чиқишлари қизиқарли таассуротларга бой бўлди.