Сўнгги йилларда юртимизда ёшлар сиёсати бўйича мутлақо янги тизим яратилиб, бу барча тоифадаги йигит-қизларни қамраб олгани билан ғоят самарали бўлмоқда. Чунончи, давлатнинг эътибори, кўмагига эҳтиёж сезадиган биргина қатлам билан индивидуал ишлашга қаратилган “Ёшлар дафтари” асосида 600 мингдан ортиқ йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг ижтимоий муҳофазаси ташкил қилинди. Жойларда уч мингдан ортиқ ёш оила уй-жой билан таъминланди. Навқирон авлод вакилларининг ватан ичра ватанга эга бўлиши эса, янада бахтли, тотув ҳаёт кечириш учун замин яратди.

Бундан ташқари, “Меҳрибонлик” уйларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш, қийналган оилаларнинг бемор фарзандларини даволатиш учун юз миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилгани давлатимиз раҳбарининг ёшларга ғамхўрлиги, меҳрининг амалий исботидир.

Фаол, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бешта муҳим ташаббус доирасида жойларда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу — йигит-қизларнинг истеъдоди, салоҳиятини юзага чиқариш, рағбатлантириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган йирик лойиҳа. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган ёшлар фестиваллари умуммиллий ёшлар ҳаракатига айланиб, 6 миллионга яқин ўғил-қизни ўз атрофида бирлаштирди. Минглаб янги истеъдод эгаларини кашф этди. Тўртинчи ташаббус доирасида ўтказилаётган “Ёш китобхон” танловида уч миллионга яқин ёш қамраб олинди. Танлов натижаларига кўра, Президент совғасини қўлга киритган 12 нафар ёш китобхон ҳақиқий билим элчилари сифатида белгиланди. Китобхонлар ҳаракати юзага келди.

Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк кунларидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратяпти. Биргина мисол: ўтган йили илмга чанқоқ, аммо иқтисодий қийинчиликда яшаётган оилаларнинг минг нафардан, бу йил эса икки минг нафардан ортиқ қизлари махсус квота асосида олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида қабул қилинмоқда. Бу ҳам қизларнинг илм олишига йўналтирилаётган катта сармоя, юксак ишончнинг амалий ифодасидир.

Шунингдек, 2017 йилга қадар 14 нафардан фаол, иқтидорли қизлар Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланиб келинган бўлса, ҳозир мукофотланувчилар сони икки баравар оширилди. Шундай қилиб, ўтган беш йил ичида икки юз нафардан ортиқ қиз ушбу давлат мукофотига сазовор бўлди. Мана шу эътиборга, ишончга лойиқ бўлишга интилаётган қизлар сафи тобора кенгайиб боряпти. Бугун нафақат Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, балки мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган ташаббускор қизлар ҳам фойдали ғоя, ташаббуслари, ижтимоий лойиҳалари билан мамлакатимиз ҳаётида фаол иштирок этмоқда.

Куни кеча Президентимиз фармонига биноан, кўплаб йигит-қизлар қатори давлат мукофоти билан тақдирланганим ҳаётимдаги муҳим воқеа бўлди. Айни пайтда шундай ёшлар билан бирга Президент жамоасида ишлаётганимдан фахрланаман. Бизга берилган мукофот Президентимизнинг хотин-қизларга қаратаётган юксак эътиборидан яна бир далолат. Навқирон авлоднинг вакили, улар билан ишлаётган ёш раҳбар ходим, ёш кадр сифатида мана шу ишончни оқлаш учун бор кучим, салоҳиятимни сафарбар қилиб, ватанимизга, халқимизга сидқидилдан хизмат қилишга тайёрман.

Дилноза КАТТАХОНОВА,

Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари,

“Дўстлик” ордени соҳиби