Вебинар Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (PIIMA) томонидан Буюк Британиянинг Oxford University Press ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Мазкур вебинар доирасида Нукус, Хива, Наманган ва Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқитувчилари жорий йилнинг 18-январидан 20-январига қадар биология, кимё ва физика фанларидан хорижлик ҳамкасблари ўтадиган дарсларда иштирок этади.

Жумладан, Oxford University Pressнинг биология, кимё ва физика фанларига оид янги ўқув дастурларидан қандай қилиб максимал натижа олиш мумкинлиги ҳақида маълумот олади.

— Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги хорижий ҳамкорлар билан мактаб ўқитувчиларининг малака оширишлари учун семинарлар ташкил этиш устида мунтазам иш олиб бормоқда. Бундай машғулотларда мактаб педагоглари ўқувчиларга фанни қизиқарли етказиб бериш борасида керакли билим ва кўникмага эга бўлади. Билимли мутахассислар келажакда тармоқлар ва мамлакат иқтисодиёти ривожланишига ҳисса қўшишда муҳим ўрин эгаллайди. Шунингдек, ёшларимизнинг муваффақиятга эришишида пойдевор қўяди, — деб таъкидлади PIIMA директори ўринбосари Амирулла Абдуллаев.