«Яхши хабардорсиз, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар марказида инсон қадрини улуғлаш, аҳоли ва тадбиркорлар учун муносиб шароитлар яратиш асосий ўрин эгаллайди.

Сўнгги 10 йилда «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим» деган олижаноб фалсафани давлат сиёсати даражасига кўтардик.

Бошқарув соҳасида аҳоли учун самарали тизим яратмасдан туриб, ҳеч бир йўналишда кутилган натижага эришиб бўлмайди. Чунки ҳар бир фуқаро ўз кундалик ҳаётида ҳис қилаётган ижобий ўзгаришлар орқали давлат фаолиятига баҳо беради.

Бошқарув идоралари одамлар муаммосини, уларни қийнаётган ўткир масалаларни ўз вақтида ва адолатли ҳал этса, аҳолининг давлатга нисбатан ишончи кескин ортади. Ортиқча қоғозбозлик ва бюрократия эса ислоҳотлар самарасини пасайтириб, халқнинг умидини сўндиради.

Шуни инобатга олиб, давлат бошқарувида янгича ва илғор ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз», – деди давлатимиз раҳбари.

«Самарали бошқарувни йўлга қўйиш, соҳага замонавий моделларни жорий қилиш, Бирлашган Араб Амирликлари эришган ютуқ ва илғор тажрибани татбиқ этиш биз учун фойдали бўлмоқда.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда ушбу мамлакат билан давлат бошқаруви соҳасидаги ҳамкорлик мутлақо янги босқичга кўтарилди», – деди Президентимиз.

Ўтган йил ноябрь ойида «Бюрократияни бартараф этиш» ҳамда сунъий интеллект бўйича нуфузли халқаро форумлар биргаликда юқори савияда ўтказилди.

Шунингдек, давлат бошқарувида илғор тажриба алмашиш юзасидан ҳамкорлик келишуви имзоланди.

«Сифатли давлат бошқаруви» дастури ана шу шерикликнинг ёрқин амалий натижасидир.

Президентимиз ушбу дастурни муваффақиятли йўлга қўйишда кўрсатган кўмаги учун Амирликлар раҳбарияти ва шахсан Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад ал-Гаргавийга самимий миннатдорлик билдирди.