Хабарингиз бор давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш  тўғрисида”ги қарори эълон қилиниб, шунга асосан ахборот–кутубхоналар фаолиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратила бошланди. Шунингдек, қарорнинг 1-иловасига кўра, “2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш” Концепциясига кўра бир қатор ишлар амалга оширилиши белгиланган. Аммо, қарорнинг ижроси барча жойда бирдек ишлаяпти, деб бўлмайди. Буни эса кузатувларимиз натижасида англадик.

Мақсадимиз туман ахборот-марказлари фаолияти билан яқиндан танишиш бўлганлиги боис йўлга чиқдик. Қарши шаҳридан унча олис бўлмаган Нишон тумани аҳолиси камроқ ва ҳудудиди жиҳатидан қолган туманлардан бироз кичикрок ҳисобланади. Туман марказига кириб боргач, илк дуч келган кишидан Ахборот-кутубхона маркази манзилини сўрадик. Афсуски, жавоб оддий бўлди. “Билмайман”. Иккинчи бир кишига шу савол билан юзланарканмиз, у киши ҳам елка қисиб, билмаслигини тан олди. Албатта, ёшлар билимга чанқоқ бўлади, деган умидда навбатда яна ўша савол билан ўспиринга юзландик. У ҳам, рости билмаслигини, олисроқ қишлоқдан келганини айтиб қолди. Хуллас, бир неча кишига берилган бу саволга жавоб аниқ айтилмади. Ниҳоят, мутасаддилар орқали манзилни аниқлаб, Нишон туман ахборот-кутубхона марказини топиб келдик. Тумандаги “Байналминал” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ҳаминқадар, бир илож қилиб жойлашган ахборот-кутубхона шароитлари ҳам ўзига яраша эди.

— Олдин тумандаги собиқ маиший хизмат кўрсатиш коллежи биносида эдик, бу ерга яқинда келдик, — дейди Нишон туман ахборот кутубхона маркази раҳбари Асадулла Омонов. — Аввалги жойимиз ҳам ўзига яраша, мослаштирилган жой эди. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли бу ерга кўчиб келишга мажбур бўлдик. Лекин, бу ердаги хоналар кўриб турганингиздек, кичиклиги боис барча китобларни олиб келишга имкон бўлмади. Қисман, аҳоли кўп сўрайдиган адабиётларни олиб келиб, қолганларини ўша жойда бир хонага қулфлаб келишга мажбур бўлдик. Зарур бўлса, бориб олиб келамиз иложимиз қанча. Бу ерда ҳам қанча вақт турамиз буни ҳам аниқ билмаймиз.

Асаддула аканинг таъкидлашича, китобхонлар учун шароилар етарли эмас. Китоб жавонлари ҳам жуда эски. Тахминан 40 йиллар олдин харид қилинган жавонлардан фойдаланиб келинади. Алоҳида туман аҳолиси учун янги ахборот-кутубхона қуриб беришларини сўраб бир неча бор туман ҳокимига мурожаат қилиб келишаётган бўлишсада, натижа йўқ. Ҳаттоки, бир неча бор туман ҳокимига бу борада берилган мурожаатларга бир энликкина жавоб хати ҳам берилмагани ажабланарли.

Бу ҳолат биргина Нишон туманида эмас, балки бошқа жойлардаги ҳолат ҳам мақтовга арзигулик эмас. Жумладан, Деҳқонобод туманидаги ахборот-кутубхона маркази тадбиркор томонидан қуриб берилган бинода бўлганлиги боис, ҳар йили кутубхоначиларни у жойдан чиқиб кетишларини талаб қилиб келади. Деҳқонобод туман ахборот-кутубхона маркази мутасаддилари алоҳида, ўз жойимизга қачон эга бўларкинмиз, дея тадбиркорнинг қавоғига қараб яшашдан чарчашганини айтишмоқда. Шунингдек, Касби тумани ахборот-кутубхона маркази ҳам айни пайтда тумандаги 19-мактабгача таълим муассасида жойлашган. Бир томони болалар боғчаси, бир томони ахборот кутубхона маркази бўлган жойни китобхонлар қандай топиб келиши амримаҳол. Кичик хоналарда жойлашган кутубхонанинг аҳволини тасаввур қилиб кўраверинг. 

Миришкор туманидаги ахборот-кутубхона маркази ҳам туман марказидан бироз олисда, Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими идорасида жойлашган. Кутубхоначиларнинг туман ҳокимлигига бир неча маротаба мурожаат билан чиқишлари бир кун натижа беришидан умид қилишмоқда.

Чироқчи туманидаги марказ ҳам бир неча йиллар олдин собиқ транспорт коллежининг ўқувчилар ётоқхонасига жойлаштирилган ва ҳозир ҳам шу жойда фаолият олиб бормоқда. Ёруғ ва шинам, замонавий бинони эса фақатгина орзу қилиш билан вақт ўтказишмоқда.

Муборак туманидаги ахборот-кутубхона маркази ҳам эски “Маданият уйи”идан қўним топган.   

Хўш, бу ҳолат қачонгача давом этади. Туман ахборот-марказларида ҳолат шу зайилда давом этаркан, биз китобхонлар камайиб кетмоқда, дея айбни аслида бировдан эмас, ўзимиздан излаш керак эмасми? Аслида, келтириб ўтган туманлардаги кутубхоналарнинг аҳволидан туман ҳокимлари хабардормикан? Каттагина маблағлар эвазига сотиб олинаётган китоблар,  чанг босганча ўқувчисини кутиб ётгани ачинарли. Аҳолига маънавий озуқа берувчи китоблару кутубхоналар ўз ҳолича ташлаб қўйилмайди, деган умиддамиз. Қолаверса, ҳар куни биз мисол келтирган туман ҳокимлари иш кунини китоб ўқиш ва кутубхона фаолиятини ўрганиш билан бошлашса, ён атрофи, аҳолига маънавиятни тарғиб қилса яхши бўларди. Нима дедингиз? 

“2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш” Концепциясида белгиланган вақтнинг 4 йили ўтиб бораётган бўлсада, ижроси қачон амалга ошади деган саволга эса кейинги сафар туман ҳокимларининг ўзидан олишга ҳаракат қиламиз.

Акбар Раҳмонов,

"Янги Ўзбекистон" мухбири